Муҳаммад Бекжон 19 йиллик айрилиқдан сўнг АҚШда оила аъзолари билан учрашди
16 июль куни Сиэтл аэропортида уни қизлари ва набиралари кутиб олишди. Улар оталарини сўнгги бора 1999 йилда кўрган эдилар.
Сиёсий маҳбус сифатида кўрилган 64 ёшли Муҳаммад Бекжон ўтган йилнинг 22 февралида қамоқдан озод қилинган эди.
Муҳапммад Бекжон аввалроқ Озодлик радиосига АҚШга фарзандлари ва набираларини кўриш учун вақтинча бораётгани, фарзандлари яшаётган мамлакатдан сиёсий бошпана сўрамаслигини айтган.
Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва «Эрк» газетасининг собиқ бош муҳарриридир
Муҳаммад Бекжон 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, озодликдан маҳрум этилган эди.
Маҳкамада у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва тергов пайтида қийноққа солинганини билдирган.
2011 йили озодликка чиқишига бир ой қолганида унга қамоқхона ички тартибини бузиш айблови қўйилиб, жазо муддати яна 4 йилу 8 ойга узайтирилган эди.
“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти Муҳаммад Бекжонни “қамоқда энг кўп ўтирган журналистлардан бири” деб атаган.