Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Маъруфжон билан учрашишади
Россия Федерациясида ўтказиш мақсадини кўзлаб катта миқдорда гиёвандлик воситаларини сақлашда айбланган, 1996 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаровга ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бош прокуратура билан ҳамкорликда тегишли процессуал ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Бунда Ўзбекистоннинг Роcсиядаги элчихонаси Маъруфжонга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли ташкилотларга, хусусан Москва шаҳридаги суд органларига расмий мурожаат билан чиққан.
Натижада 2018 йил 14 июндаги Москва шаҳар судининг апелляция инстанцияси ажримига кўра, М.Шакаровнинг қилмишида "кейинчалик ўтказиш (масалан, сотиш) мақсади бўлмаганлиги" учун жиноят иши қайта малакаланган ҳамда 2017 йил 13 декабрь куни унга берилган 10 йиллик қамоқ жазоси 5 йилга камайтирилган.
14 июль куни Ўзбекистон элчихонаси вакили Маъруфжон сақланаётган 1-рақамли жазони ижро этиш муассасаси раҳбарияти билан телефон орқали суҳбатлашганда, у апелляция ажримидан норози бўлганлиги сабабли очлик эълон қилгани, тартибга кўра, уни бир кишилик камерага олиб ўтишгани, у доимий видеокузатув ҳамда тиббий ходимлар назоратида бўлиб тургани, унинг бугунги кундаги соғлиғида жиддий муаммолар йўқлигини маълум қилишган.
Яқин кунларда Маъруфжоннинг онаси ва холасини Маъруфжон билан учраштириш ишлари ташкил қилинади. Мазкур масала Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотларининг доимий назоратида эканлиги маълум қилинди.
