Клублар ўртасидаги ЖЧ. "Манчестер Сити" "Ювентус"ни "янчиб ташлади" (видео)
0
Учрашувда Ҳосеп Гвардиола бошчилигидаги “шаҳарликлар” юқори темп, юқори аниқлик ва ўта ишончли ҳаракатлари билан италияликларни таслим этишди. 5:2 — бу нафақат йирик ғалаба, балки бутун гуруҳ босқичини мукаммал якунлаш рамзига айланди.
— Биринчи бўлимда нима бўлди?
9-дақиқада Жереми Доку “Манчестер Сити” учун ҳисобни очди — у рақиб ҳимоясини “эритиб”, чиройли зарба билан дарвозани ишғол қилди. Аммо “Ювентус” жавобсиз қолмади: 11-дақиқада Копмейнерс ҳисобни тенглаштирди.
Шу билан баробарида, 26-дақиқада тасодифий гол вазиятни ўзгартирди — Пьер Калулу ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди ва англияликлар қайта олдинга чиқишди.
— Иккинчи бўлимда вазият қандай ўзгарди?
52-дақиқада Холанд, 69-дақиқада Фоден ва 75-дақиқада Савиньо ўз номларини гол муаллифлари рўйхатига ёзди. Ҳатто 84-дақиқага келиб Влахович жамоадоши Йилдизнинг аниқ пасини голга айлантирган бўлса ҳам, бу “Ювентус” учун фақат таскин вазифасини ўтади, холос.
“Ювентус” — “Манчестер Сити” 2:5
Голлар: 0:1 — Доку (9), 1:1 — Компейнерс (11), 1:2 — Калулу (26, автогол), 1:3 — Ҳоланд (52), 1:4 — Фоден (69), 1:5 — Савиньо (75), 2:5 — Влаҳович (84)
— Ҳамюртимизчи?
Умид билан кутилган Абдуқодир Ҳусанов бу учрашувда захирада қолди, унга имконият берилмади. Аммо бунинг ўзиёқ унинг қандай юксак рақобат муҳитида эканини кўрсатади.
— Нима хулоса қилдик?
“Манчестер Сити” ушбу ғалаба орқали гуруҳдаги барча ўйинларда ютиб, 100 фоиз натижа билан плей-офф босқичига йўл олди. Гвардиоланинг жамоаси нафақат ғалаба қозонди, балки футболни санъат даражасида ижро этди. “Ювентус” эса 6 очко билан 2-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди.
Мусобақа давом этади ва кўпчиликни битта савол қизиқтирмоқда: “Сити” Клублар ўртасида жаҳон чемпиони титулини қўлга кирита оладими?..
