Хитойнинг янги ГЭСи: энергия революциясими ёки экологик таҳдидми?
0
Хитой яна глобал энергия бозорида катта қадам ташлади: Давлат кенгаши раиси Ли Цян томонидан Ярлунг Цангпо дарёсида бешта каскадли гидроэлектр станцияси қурилиши бошлангани расман эълон қилинди, деб хабар берди chinadaily.com.cn. Лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 167 миллиард доллар сарфланиши режалаштирилган.
Тибет минтақасидан оқиб ўтувчи Ярлунг Цангпо дарёси устида барпо этиладиган иншоотлар йилига 300 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилаяпти. Лойиҳага China Yajiang Group масъул этиб белгиланди. Мазкур энергия, авваламбор, Тибет аҳолисини энергия билан таъминлашга йўналтирилади, қолаверса, ортиқча қувват мамлакатнинг бошқа минтақаларига етказиб берилади.
BBC таъкидлашича, бу иншоотлар Хитойдаги машҳур «Уч дара» тўғонидан уч баробар кўпроқ энергия ишлаб чиқариш имконига эга бўлади. Бу эса дунё гидроэнергетикаси тарихида янги босқич бўлиши кутиляпти.
Бироқ, лойиҳа халқаро миқёсда ҳам жиддий мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ҳиндистон ва Бангладеш каби қўшни мамлакатлар расмийлари Хитойнинг бу қадамини минтақага босим ўтказиш, сув ресурсларини назорат қилиш ва янги иқтисодий таъсир қуроли сифатида баҳоламоқда. Экологлар ва маҳаллий фаоллар, ўз навбатида, янги ГЭС қурилиши экотизимга ва дарё оқимларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда. Айниқса, сув тошқинлари ёки қуйи оқимда сув танқислиги эҳтимоли кўтарилмоқда.
Лойиҳа жойлашган ҳудуднинг геологик тавсифи ҳам турли хатарларга йўлиқтириши мумкин. Экспертлар таъкидлашича, бундай тор ва чуқур дарада дамба қурилиши ер қимирлашларини кучайтириши эҳтимолдан ҳоли эмас. Зилзила ёки кучли ер қимирлаши туфайли дамба вайрон бўлса, бу нафақат иқтисодий, балки инсон ҳаёти учун катта фалокатга айланиши мумкин.
Шу сабаб, бу мега-лойиҳа энергетика соҳасида янги тараққиёт ва имкониятларни очаётгани баробарида, минтақавий хавотир ва глобал хавфлар мавзусини янада долзарб этиб қўймоқда. Эндиликда барча назарлар Хитойнинг янги гидроэлектр стратегияси, унинг оқибатлари ва халқаро муносабатларга бўладиган таъсирида.