Бир ойда 379 киши қамалди
Ўзбекистонда ўтказилган кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлар давомида юзлаб қонунбузарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 20 ноябрдан 20 декабрга қадар бўлган бир ой ичида 379 нафар шахсга “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қайд этилишича, мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида жами 16 мингдан ортиқ тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Натижада 2 256 та жиноят фош этилган, 1 534 та жиноят иши қўзғатилган.
Айниқса, гиёҳвандликка қарши кураш йўналишидаги ишлар катта ҳажмни ташкил этган. Тадбирлар чоғида 2 375 та наркотикка оид ҳолат аниқланиб, жиноий гуруҳлардан 500 килограммдан зиёд наркотик моддалар ҳамда 166 мингдан ортиқ психотроп дорилар мусодара қилинган. Шунингдек, ноқонуний етиштирилган 500 дан зиёд гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинган.
Ички ишлар органлари бундай тадбирлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидламоқда. Қонун устуворлиги йўлида ишлар изчил давом этмоқда.
