Ўзбекистонда олтин рекорд янгилади: нарх йил бошидан 60 фоизга ўсди
Ўзбекистонда олтин нархи тарихий чўққига чиқди. 25 декабрь ҳолатига кўра, 1 грамм олтин қуймасининг қиймати 1 млн 788 минг сўмни ташкил этди. Бу мамлакатда олтин қуймалари сотила бошлагандан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Марказий банк маълумотларига кўра, олтин нархи бир кун ичида 0,3 фоизга, йил бошига нисбатан эса қарийб 60 фоизга ошган. Қизиғи, жорий йилнинг ўзида олтин қиймати 45 мартадан ортиқ рекорд даражани янгилаган.
Жаҳон бозорида ҳам қимматбаҳо металл нархи юқори тебранишларни бошдан кечирмоқда. 24 октябрь куни олтиннинг бир трой унцияси илк бор 4 500 доллардан ошиб, тарихий натижа қайд этган. Айни пайтда эса у 4 480 доллар атрофида савдоланмоқда.
Бироқ йил давомида кескин пасайиш ҳам кузатилди. Масалан, октябрь ойи охирида олтин нархи қисқа вақт ичида 4 минг доллардан пастга тушиб, 3 970 долларгача пасайган. Reuters нашри бу ҳолатни АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатларининг яхшиланиши билан изоҳлаган.
Маълумотларга кўра, жаҳон бозоридаги қимматлашув фонида Ўзбекистон 11 ой ичида қарийб 10 млрд долларлик олтин экспорт қилган. 1 декабрь ҳолатига мамлакатнинг олтин-валюта захиралари 61,2 млрд долларга етгани ҳам рекорд кўрсаткич сифатида қайд этилмоқда.
Қисқаси, олтин бозори ҳали ҳам диққат марказида — ўсиш ҳам, кутилмаган пасайиш ҳам инвесторлар учун жиддий сигнал бўлиб қолмоқда.
