Green Card визаси ўзбекистонликлар учун вақтинча тўхтатилди: сабаби маълум бўлди
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 30 декабрдан бошлаб Diversity Visa (DV) дастури доирасида иммиграция визалари берилиши вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Расмий ахборотга кўра, ушбу қарор АҚШ Давлат департаменти томонидан қабул қилинган.
Элчихона тарқатган билдиришда айтилишича, ҳозирги пайтдан эътиборан DV дастури бўйича барча турдаги визаларни расмийлаштириш жараёни тўхтатилади. Шунга қарамай, дастур иштирокчилари анкета топшириш ва белгиланган суҳбатларда қатнашиш ҳуқуқини сақлаб қолади. АҚШ Давлат департаменти интервью саналарини белгилашни давом эттиради, бироқ суҳбат якунларига кўра визалар берилмайди.
Маълум қилинишича, DV дастури бўйича олдиндан белгиланган суҳбат кунлари бекор қилинмайди ва бошқа санага кўчирилмайди. Элчихона мурожаатчиларни мавжуд вазиятдан хабардор қилиб боришини, шунингдек, қўшимча қарорлар қабул қилинса, жамоатчиликка дарҳол маълум қилинишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Green Card лотерея дастурини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида фармон имзолагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, Green Card дастури 1990 йилдан бери амал қилиб келади ва ҳар йили тасодифий тарзда 50 минг нафар хорижий фуқарога АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини беради. 2025 йил май ойида эълон қилинган натижаларга кўра, Ўзбекистон 5564 нафар ғолиб билан дунёда етакчи ўринни эгаллаган. Кейинги поғоналардан Жазоир ва Россия жой олган.
Ҳозирча DV дастури бўйича визалар қачон қайта тикланиши ҳақида аниқ маълумот берилмаган, вазият ривожи диққат билан кузатилмоқда.
