Тарих давом этади: Роналду 957-голини урди, аммо «Ал-Наср» ғалабани қўлдан чиқарди
31 декабрь куни соат 02:28 да (Тошкент вақти билан) Саудия Арабистони чемпионатида «Ал-Иттифоқ» ва «Ал-Наср» ўртасидаги учрашув 2:2 ҳисобида якунланди. Баҳс яна бир бор Криштиану Роналдунинг навбатдаги тарихий натижаси билан ёдда қолди — у профессионал фаолиятидаги 957-голини қайд этди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ўйиннинг биринчи бўлимида мезбонлар ҳисобни очди: Жоржиньо Вейнальдум аниқ зарбаси билан «Ал-Иттифоқ»ни олдинга олиб чиқди. Танаффусдан кейин «Ал-Наср» босимни кучайтириб, ўйин ритмини ўзгартирди ва қисқа вақт ичида вазиятни ўз фойдасига буришга муваффақ бўлди.
48-дақиқада Жауан Фелиш Габриэл узатмасидан сўнг ҳисобни тенглаштирди. 67-дақиқада эса португалиялик ҳужумчи яна диққат марказида бўлди: Фелишнинг зарбасидан кейин тўп Роналдудан рикошет олиб йўналишини ўзгартирди ва дарвозадан жой олди — бу гол Роналду учун 957-бўлди.
Бироқ «Ал-Наср» устунликни сақлаб қола олмади. 80-дақиқада Вейнальдум иккинчи бор гол уриб, дубл қайд этди ва жамоасига дурангни олиб берди. Учрашув сўнгида Роналду яна бир имкониятга эга бўлди, бироқ мезбонлар дарвозабони ишончли ҳаракат қилиб, зарбани қайтарды.
