Ҳусанов имконият кутди: «Сандерленд» ва «Манчестер Сити» голсиз дуранг қайд этди
Англия Премьер-лигасининг 19-турида «Сандерленд» ўз майдонида «Манчестер Сити»ни қабул қилди. Учрашув 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов бу сафар захирада қолди ва майдонга тушмади.
Ўйин бошиданоқ «шаҳарликлар» тўп назоратини қўлга олиб, ташаббусни эгаллади. Дастлабки дақиқаларда стандарт вазиятдан сўнг меҳмонлар гол ҳам урди, бироқ VAR Бернарду Силвада офсайд қайд этиб, голни бекор қилди.
Шундан кейин ҳам «Манчестер Сити» позицион ҳужумларни давом эттирди, аммо мезбонларнинг зич ва тартибли ҳимояси босимни қайтарди. Эрлинг Холанд бир неча бор зарба бериш учун қулай нуқталарга чиқди. Биринчи бўлимдаги энг хавфли эпизодда норвегиялик ҳужумчи яқин масофадан дарвозани нишонга олди, бироқ Руфс ишончли ҳаракат қилди.
«Қора мушуклар» эса тезкор қарши ҳужумлар билан жавоб қайтарди. Бробби зарбасидан кейин «Сандерленд» голга жуда яқин келди, аммо Доннарумма «Сити»ни муқаррар голдан қутқарди.
Иккинчи бўлимда «Манчестер Сити» босими янада кучайди. Нунеснинг узатмасидан сўнг Гвардиол тўпни устунга теккизиб, учрашувдаги энг яхши имкониятлардан бирини бой берди. Доку ва Шерки ҳужумга тезлик қўшган бўлса-да, мезбонлар мудофаасида барқарорлик сақланиб қолди.
Ўйин якунига яқин Холанд индивидуал ҳаракатлар билан вазиятни ҳал қилишга уринди, бироқ «Сандерленд» ҳимоячилари хатога йўл қўймади. Абдуқодир Ҳусанов эса учрашув охиригача захирада қолиб, имконият кутди.
Сандерленд — Манчестер Сити 0:0
Сандерленд — Руфс, Ҳюм, Мукиэле, Алдерете, Сиркин, Жака, Гертрюйда, Майенде, Ле Фе, Адингра (Мандл, 72), Бробби (Исидор, 58).
Манчестер Сити — Доннарумма, Нунеш, Диаш, Аке, О'Райли (Гвардиол, 57), Силва (Рейндерс, 85), Нико (Родри, 46), Фоден, Савинио (Доку, 46), Шерки, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Адингра (45+5), Аке (77).
