Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида янги логистика маркази барпо этилади
Евросиё тараққиёт банки (ЕтБ), Тожикистон Транспорт вазирлиги ҳамда ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш маркази Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида логистика маркази қуриш бўйича техник-иқтисодий асос (ТИА) ишлаб чиқишни бошлади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Янги объект “Фотехобод” — “Ойбек” чегара ўтиш пункти базасида барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳа бўйича ишлар Душанбе шаҳрида имзоланган уч томонлама техник кўмак тўғрисидаги битимдан сўнг старт олди.
Ҳужжатга кўра, ЕтБнинг Техник кўмак фонди ТИА тайёрлаш ва лойиҳа самарадорлигини баҳолаш харажатларини молиялаштиради. Тожикистон транспорт вазири ўринбосари Шоиста Саидмуродзода бу ташаббус мамлакат транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизми орқали амалга оширилаётган илк лойиҳа эканини таъкидлади.
ЕтБнинг Тожикистондаги директори Владимир Якунин замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш 2023–2028 йилларга мўлжалланган Тожикистон логистикасини ривожлантириш давлат дастурининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этди. Дастур инфратузилмани модернизация қилиш, сифатли лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва транспорт-логистика секторига инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратишни назарда тутади.
Якунин фикрича, “Фотехобод” лойиҳаси бўйича дастлабки ТИА тайёрланиши трансчегаравий савдо самарадорлигини сезиларли ошириши мумкин бўлган йирик ташаббусни ишга тушириш сари муҳим қадам бўлади. Унинг айтишича, ТИА якунларига кўра ЕтБ янги логистика маркази қурилишини молиялаштириш имкониятини ҳам кўриб чиқишга тайёр.
Маълум қилинишича, ЕтБ Техник кўмак фонди доирасидаги ушбу лойиҳа инфратузилмавий ташаббусларни тайёрлаш сифатини ошириш, мутахассислар малакасини кучайтириш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларига пойдевор яратишга хизмат қилади. Натижада Тожикистоннинг транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, секторнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва минтақадаги савдо оқимларини кўпайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, аввалроқ “Ойбек” ва “Фотехобод” ўтиш пунктлари ҳудудида ишлаб чиқариш қувватлари, логистика марказлари ва зарур инфратузилмаларни қамраб олган “Ўзбекистон – Тожикистон” савдо-саноат зонасини ташкил этиш режалари ҳам муҳокама қилингани эслатиб ўтилди.
