Президент Олмозор туманида 30 миллион долларлик хусусий тиббиёт маркази фаолияти билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Олмозор туманига ташриф буюриб, янги кўп тармоқли Sinomed тиббиёт маркази фаолияти билан танишди. Ташриф давлат раҳбари ўтган йил 10 ноябрда таъкидлаган соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг амалий давоми сифатида баҳоланди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда мамлакатда тиббий хизматларнинг қарийб 30 фоизи хусусий клиникалар ҳиссасига тўғри келади. Ҳукумат бу йўналишда шароитларни кенгайтириб, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини янада ривожлантиришни режалаштирган.
Sinomed лойиҳасининг умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил этади. Клиникага юқори технологияли ускуналар Буюк Британия, Италия, Япония ва Германиядан олиб келинган.
Марказ йилига 4,5 минг нафаргача беморни қабул қилиш қувватига эга. Бу ерда жарроҳлик, педиатрия, травматология, ортопедия ва эндокринология йўналишларида хизмат кўрсатилади.
Клиникада кадрлар салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилган: 300 дан ортиқ иш ўрни яратилган, шифокорлар жамоаси 80 дан зиёд мутахассисдан иборат. Уларнинг 60 нафардaн кўпроғи Жанубий Корея, Германия, Туркия, Ҳиндистон ва АҚШнинг етакчи клиникаларида ўқиш ва стажировка ўтаган. Шунингдек, марказда хорижлик мутахассислар ҳам амалиёт олиб боради.
Sinomedнинг ўзига хос жиҳатларидан бири — Тошкентда илк бор хусусий туғруқ мажмуаси ташкил этилгани бўлди. У бир вақтнинг ўзида 30 нафар аёлни қабул қилиш имкониятига эга. Президент ҳомиладорлик бўйича ҳисобга олишдан тортиб, туғруқдан кейинги парваришгача бўлган кузатув тизими билан батафсил танишди ҳамда сифатли пренатал назорат аёллар учун стрессни камайтириб, соғлом оналик маданиятини шакллантиришини таъкидлади.
Марказ инфратузилмасига республикадаги энг йирик хусусий эмлаш пункти ҳамда нодавлат сектордаги ягона ихтисослашган стерилизация маркази киради. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида колл-марказлар ва уй шароитида кўрик ўтказишга қодир мобил патронаж гуруҳлари йўлга қўйилган.
Клиника раҳбарияти келгусида ўринлар фондини кенгайтириш ва болалар учун профилактик дастурларни кучайтиришни режалаштирмоқда. Жамоа билан мулоқотда президент малакали шифокорларнинг мамлакатга қайтиб, илғор тажрибани амалиётга жорий этиши ислоҳотларнинг муҳим натижаси эканини қайд этди. Давлат раҳбари хусусий марказлар сони кўпайиши соғлом рақобатни кучайтириб, аҳолига танлов имконини, хизматлар сифати ва нархлар мувозанатини таъминлашини ҳам урғулaди.
