«Комо» «Торино» дарвозасига жавобсиз олтита гол урди
Италия А Сериясининг 22-турида «Комо» ўз майдонида инқирозга юз тутган «Торино»ни йирик ҳисобда таслим этди. Кетма-кет уч ўйинда мағлуб бўлган туринликлар бу сафар ҳам сафарда омадсиз сериясини давом эттирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашувнинг 9-дақиқасида Анастасиос Дувикас ҳисобни очди, 16-дақиқада эса Мартин Батурина жарима майдони ташқарисидан аниқ зарба йўллаб, фарқни иккитага оширди — 2:0. Иккинчи бўлимда 59-дақиқада Лукас да Кунянинг пенальтидан урган голи «Комо»нинг устунлигини янада мустаҳкамлади.
Орадан етти дақиқа ўтиб Дувикас дубл қайд этди (66), 70-дақиқада Николас Кюн ҳам ўз номини таблога ёздирди. Якуний нуқтани 76-дақиқада Максанс Какере узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан қўйди — 6:0.
Бу ғалабадан сўнг «Комо» турнир жадвалида кучли бешликка кўтарилди, «Торино» эса 11-ўринни бошқа жамоалар билан бўлишиб турибди.
