Университетга киришда B1 сертификатига ҳам янги имтиёз берилади
Ўзбекистонда олий таълимга қабул қоидаларида яна бир муҳим янгилик пайдо бўлди: энди айрим йўналишларга киришда B1 даражали чет тили сертификати ҳам ҳисобга олинади. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани ҳақида Адлия вазирлиги маълум қилди.
Янги тартибга кўра, фанлар мажмуасида чет тили 1-фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул эндиликда чет тилини билиш бўйича камида B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификат асосида амалга оширилади.
Шу билан бирга, фанлар мажмуасида чет тили мавжуд бўлган йўналишларда сертификатли абитуриентларга балл қуйидагича берилади:
-
B1 даражали миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентга — шу фан бўйича максимал баллнинг 75 фоизи;
-
B2 ва ундан юқори даражали сертификатга эга абитуриентга — шу фан бўйича тўлиқ максимал балл.
Маълумот ўрнида: аввал мазкур йўналишларга қабул қилишда камида B2 даражадаги сертификат талаб этиларди. Энди эса B1 ҳам “йўл очади” — яъни сертификат учун меҳнат қилган абитуриентнинг ютуғи беэътибор қолмайди.
