Ғарбий соҳил лагерида 14 ёшли фаластинлик отиб ташланди
Ғарбий соҳилдаги ал-Фара қочқинлар лагерида 14 ёшли фаластинлик Жад Жадаллоҳ 2025 йил ноябрь ойида Исроил мудофаа кучлари ҳарбийлари томонидан яқин масофадан отиб ўлдирилгани хабар қилинди.
Гувоҳлар ва тасдиқланган видеоларга кўра, бола ерга йиқилгач, камида 45 дақиқа давомида қон йўқотиб ётган, шу вақт ичида атрофини 14 нафар аскар ўраб турган. Ҳодиса жойига келган икки тез ёрдам машинасига эса яқинлашишга рухсат берилмаган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ҳарбийлар Жад “тош отганини” билдириб, ўлимли куч қўллаш қоидаларга мос бўлганини таъкидлаган. Бироқ видеода аскарлардан бири боланинг ёнига қандайдир буюм ташлаб, уни суратга олаётгани акс этган. Жаднинг онаси Сафа ва ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу ҳолат болани айбдор қилиб кўрсатишга уриниш бўлиши мумкин.
Кузатув камераси тасвирларида аскар боланинг ёнига тахминан уч метр масофадан ўқ узгани, Жад девор бўйлаб қочганида яна ўққа тутилгани ва бир неча метр юргач, ёрдам сўраб йиқилгани кўринади.
Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти маълумотига кўра, чақирувдан саккиз дақиқа ўтиб етиб келган фельдшерлар қурол билан тўхтатилган ва 35 дақиқа давомида болага яқинлашишига рухсат берилмаган. Ҳарбийлар эса аввал портловчи мослама йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак бўлганини билдирган.
Жаднинг жасади ҳануз оиласига топширилмаган. Маълум қилинишича, Исроил томон 700 дан ортиқ фаластинликларнинг жасадини сақлаб келмоқда. Оила бу ҳолат оғриқ ва жавобсиз саволларни янада кўпайтираётганини билдирмоқда.
