ШАЙТАНАТ… (18-қисм. Биринчи китоб)
* * *
Эшикни қия очган котиба унга ажабланиб қараб турди-да, енгил йўталгандай бўлди. Шариф бошини кўтариб унга қаради.
— Телефонга қаранг, — деди котиба.
Шариф телефон гўшагини қулоғига тутиши билан Асадбекнинг овозини эшитди:
— Тинчликми?
— Тинчлик.
— Терговчи бола нимага келибди?
— Шундай ўзи…
— Чайналманг.
— Сулаймонов билан ораларингда нима гап ўтган эди, дейди.
— Қўрқиб кетдингизми? Қўрқманг. Бу бола бир ўлимтик чивин. Чақиб ўлдирмайди. Фақат ғинғиллаб ғашингизни келтиради. Пуф десак, чиққан жойига кириб кетади. Омон бўлинг.
Асадбек гапни қисқа қилди.
«Дарров қаёқдан била қолди, — деб ўйлади Шариф, — ҳаммаёққа айғоқчи қўйиб ташлаган шекилли?»
Шариф, Зоҳид айтгандай, гўл бўлмаганда, Қилич Сулаймоновнинг котибаси нега алмаштирилди, деб ўйлаб қўярди. Агар бирон марта бўлсин шаҳар марказидаги уч қаватли уй ертўласидаги видеобарга кирганда эди, котибанинг қаердан келиб қолганини фаҳм этарди.
Котиба кириб яқингинада видеобарда кўпнинг жонини олган нозли жилмайиши билан янги хўжайинига яқинлашди.
— Чой дамлаб берайми, Шарифжон ака!
Шарифнинг димоғига ёқимли атир иси урилиб, кўнгли равшанлашди.
— Майли, жуда аччиқ бўлмасин, — деди котибага бир қараб олиб.
Котиба устолнинг нариги четидаги чойнакни олиш учун орқадан айланиб ўтмай, Шарифнинг олдидан қўл узатиб эгилди. Шарифнинг димоғига атир иси гупириб урилди. Кўзи котибанинг сийнабанд тақилмаган кўкраклари орасидаги ариқчага тушиб, кўнгли ғалати бўлиб кетди. Котиба ҳеч нарсани сезмагандай қаддини ростлаб, унга бир ишвали жилмайди.
***
Бировга ёмонлик қилмайдиган одамни «яхши одам» дейишади. Ўзгаларга яхшилик қилмовчини-чи? Бошқаларга яхшилик қилмайдиган одамнинг ёмонлик истовчидан фарқи борми?
Винзаводдан узоқлашаётган Зоҳид шу саволга жавоб истар эди. Устози Ҳабиб Сатторович илмга рағбати бор, иқтидорли олимга жонини ҳам беришга тайёр. Ўзининг ишини четга суриб, бошқага ёрдам қўлини чўзади. Бу яхшиликми — яхшилик. Лекин кўчада биров очдан шишиб ўляпти, десангиз, ёрдам бериш учун чиқмайди. Ўша ўлаётган одам олим десангизгина чиқиши мумкин. Бу-чи, бу ҳам яхшиликми ё аблаҳликми? Шариф Намозов ҳам шу тоифаданми? Хўш, Зоҳид нима қилиши керак? Бу олим очдан эмас, тўқликдан шишиб ўлишни маъқул кўрибди. Унга ёрдам берсинми? Яшашга ўзида рағбат бўлмаган одамни ўлимдан қутқариб бўларканми?
Олим одам қандай қилиб илмни мансабга алмаштириши мумкин? Аввал мансабга етишиб, сўнг олим деган унвонга эришганлар сон мингта. Бу одам эса… Тўғри, бошқон бўлатуриб ҳам илмий ишини давом эттирар. Лекин ҳозирги ҳолда илм яхшиликка эмас, жиғилдонга хизмат қилиши аниқ бўлиб турибди. «Танлаган касбининг ўзи майда эди, — деган қарорга келди Зоҳид. — Мусаллас ишлашнинг янги усули. Кимга керак бу усул. Янгича мусаллас жамиятни яхшилашга, тозалашга хизмат қиладими? Узумни олдинг, сиқиб шарбатини чиқардинг, идишнинг оғзини маҳкамлаб, қоронғи жойга қўйдинг. Шунга ҳам илм керакми? Одамларни алжитиш, миясини суюлтиришни ҳам «илмий асосда йўлга қўйиш керакми?» Шуни олим дедимми? Шунга ачиндимми? Э, аҳмоқ, Ҳамдам аканинг гапларига киришим керак эди. Ҳамдам акага ўхшаб бу одамнинг қорнига бир тепмайманми, жони оғриб турганида жиноятини бўйнига қўйиб, қоғозга имзо чекдириб олмайманми…»
Зоҳид йўлга оқ пояндоздай тўшалган қорни ғичирлатиб босиб пича юргач, пишқириб тўхтаган автобусга чиқди.
Ўзи ишлаган хонага кирганида Ҳамдам Толипов дераза токчасига ўтириб олиб сигарет тутатарди. Хона тутунга тўлиб кетган, демак, Ҳамдам анчадан бери шу ерда, балки кимнидир сўроқ қилгандир. Балки кимдир яқингинада тепки еб чиқиб кетгандир…
— Ҳа, одил прокурор, ишлар қалай? — деди Ҳамдам ўтирган ерида қўл узатиб. — Ҳақиқат ўрнатиб бўлдингми?
— Ўрнатяпман, — деди Зоҳид, жилмайишга ҳаракат қилиб.
— Ўрнатавер. Бизам би-ир яйраб яшайлик.
— Кайфият йўқми? Нима бўлди?
— Кайфият жойида. Бу дунёда ҳаромилар бор экан, кайфият жойида бўлади. Сен ҳақиқатни ўрнатганингдан кейин ишсиз сиқилиб, кайфиятим бузилади, — Ҳамдам шундай деб чўнтагидан дафтарча чиқарди. — Ёзиб ол: Шерқўзиев. Таксопаркда йигирма икки йилдан бери ишлайди. Комиловни аеропортда охирги марта шу одам кўрган. Комилов иккита кавказлик йигит билан савдони пишитаётганда ёнида бўлган. Комилов уларни нақд икки юзга тушириб, соат тўртларда Чимкентга қараб жўнаган.
— Чимкентга? Унда Чиноз йўлига қандай бориб қолган? Балки Шерқўзиев янглишгандир?
— Чимкентгалигини аниқ билади. Йўлда кавказликлар адашибмиз, бизга Чиноз керак экан, дейиши мумкинмасми? У лақма эса бундан хурсанд бўлади. Ҳарҳолда Чиноз яқинроқда. Балки яна беш-ўн сўм қўшишни талаб қилгандир, улар кўнишгандир.
— Шерқўзиев уни танир эканми?
— Ўша куни танишибди. Қараса, машина ўзи ишлайдиган таксопаркники, «Ошна, қачон келдингиз?» деб сўрабди. «Яқинда келдим», дебди. «Мошин янги-ку, қандай ундирдингиз? Биз уч йилдан бери кутавериб сарғайиб кетдик», дебди. Комилов «сарғаймаслик учун тузукроқ узатиш керак эди», дебди. Шерқўзиев шунга ҳайрон. Хўжайинларга берадиганини бериб қўйган экан. Машина биқинига «ижара пудрати», деб ёзилган экан. Таксопарк хўжайинлари эса бундай эмас, деб туришибди.
— Ўғирланганми?
— Янги машина ўғирланса, улар жим ўтиришармиди? Бу ерда тўдаларнинг қўли борлиги сезилиб турибди. Асадбекми, Ҳосилбойваччами, Марканянми?.. Ким олган машинани? Комилов кимнинг хизматкори? Ҳа, Шерқўзиевнинг гапига қараганда Комилов Сибирдаги жононларнинг қилиқларини таърифлаб берган экан. У Сибирда нима қилган? Гастролга борганми? Гап кавласанг, савол қайнаб чиқаверади. Сен унга жавоб топа олмасанг керак.
— Шу даражада ношудманми?
Ҳамдам дераза токчасидаги «шоҳсупаси»дан тушиб, Зоҳидни елкасига енгил мушт уриб қўйди.
— Гап сенинг ношудлигингда эмас. Бу чигални ҳатто улуғлар улуғи Ҳамдам Толипов ҳам еча олмайди, — у шундай деб кулиб қўйди. — Кўнглим сезиб турибди, бу тўданинг иши. Тўғри, ёғочнинг учта эмас, иккита учи бўлади. Бир ёғини боссанг, иккинчи томони келиб пешонангга урилади. Ё яқин кунлар ичи тўдаларнинг ўзи кераксиз бир одамини қотил қилиб кўрсатиб, сенга рўпара қилади, ё «очилмаган ишлар» рўйхати биттага кўпайиб, сен хўжайининг олдида ношуд ходим сифатида қаддингни кери-иб турасан.
Ҳамдам гапини ҳазилга бурмоқчи эди, эплолмади. Табиатан кескинроқ одамнинг кайфияти бузилиб турган пайтда ҳазил қилиши туянинг балет рақсига тушишидай бўлар экан. Ҳамдамнинг бунақа ҳазиллари Зоҳидга янгилик эмас. Ҳамдам ўз ёғига ўзи қовурилиб турган пайтда олдиндан келган одамни тишлайди, орқадан келганни тепади, аямайди. Фақат марҳамат қилсагина ҳозиргидай ҳазиллашиб қўяди.
Ўхшатмасдан учратмас, деганларидай Зоҳиднинг кайфияти ҳам ўзингизга маълум. Шариф Намозовнинг гаплари, қилиғидан тамом гангиган Зоҳидга Ҳамдамнинг ҳазили малол келди.
— Тўда, тўда, дейсиз нуқул. Шунчалик жонингизни олиб қўйганми улар? Ким ўзи улар — одамми ё девми?
Ҳамдам рўпарасидаги жиззаки йигитни энди кўраётгандай қаттиқ тикилди.
— Уларнинг кимлигини билмайсанми? Улар одам ҳам, дев ҳам эмас. Улар аждарҳо. Юз бошли аждарҳо. Аммо танаси, қорни битта. Улар қувватни қаердан олади, биласанми? — Ҳамдам кўрсаткич бармоғини юқорига ниқтади. — Аждарҳонинг жони сақланадиган қутича ўша ерда. Тўдаларга фақат ўшалар бас кела олади. Сен аждарҳонинг бошларини нима билан узмоқчисан, қуруқ гап биланми? Ё «бу дунёда адолат деган гаплар ҳам бо-ор», деб аждарҳонинг қулоғига азон айтасанми? Ўшалар, — Ҳамдам бармоғини яна юқорига нуқди, — қўлингга ўткир қилич ҳам бериши мумкин. Сен бориб аждарҳонинг битта бошини узасан. Сенга раҳмат айтишади. Газитда суратингни чиқаришади. Юзта бошдан тўқсон тўққизта қоладими шунда? Бекорларни айтибсан. Сен узиб ташлаган бош ўрнига дарров бошқасини қўйишади.
— Фалсафадан дарс беришга арзийдиган домла бўлиб қолибсиз, — деди Зоҳид, пичинг билан.
— Ўғриваччаларни қувлаб юрган одамнинг фалсафаси ҳам шунақа майда бўлади. Сенга ачинганимдан би-ир гапириб қўяман-да. У ерда косанг оқармайди. Фақир киши панада бўлгани маъқул-да. Адолат қилишингга улар йўл беришмайди. Ғирром ишларга эса сенинг виждонинг йўл қўймайди. Икки ўт орасида қовурилиб юраверасан. Мана, олдинги ишинг нима бўлди? Овсарга ўхшаб оғзингни очиб қолавердинг.
— Энди оширвордингиз, ака. Гап деб гапираверар экансиз-да. Оғзимни очиб қолганим йўқ. Илоннинг думини кўриб турибман.
— Зўрсан-ку! — Ҳамдам қойил қолган одамдай кўзларини катта-катта очиб, Зоҳидга қаради.
— Масхара қилманг. Сизга тўғрисини айтяпман.
— Илоннинг думини кўриб нима қиласан? — Ҳамдам энди ошкора пичинг билан гап бошлади. — Илон кавагига кириб кетиши мумкин. Сиз кавак оғзида пойлаб ўтираверасиз, илон эса дўнгнинг нариги томонидаги кавакдан чиқиб ишини қилаверади. Қочмасин, деб думини боссангиз, нима бўлишини биласиз-а? Ҳа, чақади!
Зоҳид бу гапларни тоқат билан эшитди. Ҳамдам ҳаяжонини бир оз босиб олгач, винзаводга кирганини айтди.
— Ана, кўрдингми! Бу маразга раҳминг келувди. Шуни деб Асадбек билан олишмоқчи эдинг. Шуни деб ўлиб кетсанг, аммо жуда хафа бўлардим. — Ҳамдам устол устидаги қора дафтарчани олиб варақлади. Керакли саҳифани очгач, телефон гўшагини кўтариб, рақам терди. — Алло, винзаводми, синглим, менга директор ўртоқ Намозов кераклар. Полковник Мусахўжаевман. Мажлис тугашини кутишга вақтим йўқ. — Ҳамдам «ҳозир боплайман», дегандай Зоҳидга кўз қисиб қўйди. — Ўртоқ, Намозов, салом. Полковник Мусахўжаевман. Турмадан бешта жиноятчи қочганини эшитдингизми? Газит ўқийсизми ўзи, ҳаммаёқда шов-шув-ку? Нега алоқаси бўлмасин, сизга ҳам алоқаси бор учун телефон қиляпман. Кеча кечаси турмани кавлаб бешта хавфли жиноятчи қочган. Улар орасида Қилич Сулаймонов ҳам бор. Танийсиз-а уни? Хуллас, у кимдандир ўч олишини айтган экан. Кимларни назарда тутганини билмаймиз. Лекин ҳар эҳтимолга қарши сизни огоҳлантириб қўямиз. Агар уни кўриб қолсангиз, дарров бизга хабар қилинг. Хўп, хайр.
Ҳамдам гўшакни жойига қўйиб, жилмайди.
— Довдир. «Албатта қўнғироқ қиламан», дейди. Кимга, қандай телефон қилади, овсар. Душман уясига ғулғула солиб қўйдим. Ҳозир қўнғироқлар бошланади. Милисага, прокуратурага, турмага… Тасаввур қиляпсанми? Оёғи куйган товуқдай бўлишади. Шуни би-ир томоша қилсанг, хумордан чиқсанг.
— Бекор қилдингиз, фойдаси борми?
— Фойдаси бор. Ҳеч бўлмаса кўнгил, — Ҳамдам кўкрагига енгил муштлади, — таскин топади. Бу итдан тарқалганларни гирибонидан ушлаб ўтқизиб қўйиш қўлимиздан келмаганидан кейин инига бир марта чўп суқиб қўйсак ёмонми? Ҳадеб биз куйиб-ёниб юраверамизми? Улар ҳам бир куйсин.
— Барибир бекорчи иш бу.
— Вей, менга қара, прокурор. Сен ишингни ўзгартир. Сен женсоветга раис бўлиб бор. Сенинг жойинг ўша ерда, ҳа!
***
Асадбек тўйдан кейин бир оз ҳаловат топарман, деб ўйлаган эди. Қиз узатган одамда ҳаловат бўлмаслигини у қаёқдан ҳам билсин! Қиз куёвникига кетар олдидан отаси ҳузурига бош эгиб келуви, отанинг эса дуо қилуви расм эди. Зайнабни шу расмга биноан бошлаб келдилар, аммо ўз ҳовлисида эмас, ресторан остонасида, маст-аласт нигоҳлар гувоҳлигида дуо қилмоғи лозим бўлди. У кўп яхши ниятларни дилига тугиб қўйган эди. Қизининг мўъминлик билан бош эгиб келаётганини кўрганидаёқ ҳуши учди, томоғига бир нима тиқилди. У онасининг ўлимидан сўнг кўзига ёш олмаган эди. Ҳозир йиғлагиси келди. Қизи бир қадам берида тўхтади. Асадбек отасини қучоқлаб йиғлаган қизларни кўрган, ўз қизининг ҳам шундай қилишини кутиб эди. Бахтига бундай бўлмади. Асадбек аввалига «нима учун тўхтаб қолди?» деб ажабланди. Кейин «яхши бўлди, йиғласа мен ҳам ўзимни тутиб туролмас эдим» деди-да, фотиҳага қўл очди. Ҳаяжон ўйлаб қўйган гапларини тўзитиб юборган эди. Ўйлашга, гап топишга фурсат йўқ — юзлаб қўллар дуога очилиб, юзлаб кўзлар унга тикилган, «Бахтли бўлгин, қизим», дейишдан ўзга сўз тополмади. Қизига яқинлашиб, пешонасидан ўпди.
Қизи Асадбек юрагининг бир парчасини юлиб олиб кетди.
Шундан бери хаёли қизида. Эшик тиқ этса хавотир билан қарайди. Телефон жирингласа ҳам юраги бир тўлқин уради. Назарида қизи шармандалик юкини ортмоқлаб, кўзёшини тўкиб, фарёд уриб кириб келаётгандай туюлаверади.
Аъёнлари уч-тўрт кун дам олинг, дейишганида кўнган эди. Биринчи куниёқ уйда қолиш дам эмас, азоб эканини ҳис қилиб шаҳар марказидаги қароргоҳига жўнаворди. Бугун ҳам эрталабдан сароймонанд хонасида аъёнларини кутмоқда эди.
Чувринди Самарқандга ширинсув корхонасини ишга туширишга, Кесакполвон эса Марғилондаги музқаймоқ корхонасининг нима сабабдан тўхтаб қолганини аниқлаш мақсадида кетишган эди.
Асадбек хонасига кириши билан ҳисобчини чақирди. Видеобарнинг ўнг томонидаги хона ҳисобчиники. Япон анжомлари билан иш юритувчи ҳисобчи Асадбекни қизиқтирган ҳар қандай маълумотни бир лаҳзада етказади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Вилоятларга тариқдай сочилган, кўриниши назарга тушмас даражада кичик, аммо фойдаси катта корхоналаридан хазинага пул аввалгидай оқиб турибди. Асадбек винзавод масаласини ҳал қилиб олгач, бу хўжаликни тенг иккига бўлиб, аъёнларга беришни ният қилган. Аъёнлар буни билишади. Шу сабабли корхоналардан ҳамиша бохабар бўлиб туришади.
Асадбек ҳисобчининг ахборотидан кўнгли тўлиб ўтирганида телефон жиринглади. Қўшни хонадаги қизлардан бири ёқимли овози билан гапириб, винзавод директори йўқлаётганини билдирди. Асадбек мовий телефон гўшагини кўтарди. Икки соатча илгари винзаводдаги одамлар прокурор келганини билдиришган, Асадбек, «Қўрқманг, биз ҳаммасидан хабардормиз», деган мазмунда кўнглига далда берган эди. «Бунга яна нима жин тегди», деган хаёлда гўшакни қулоғига тутди. Шарифнинг хавотирга тушганини овози ошкор қилиб турарди. У Қилич Сулаймоновнинг қамоқдан қочганини айтгач, Асадбек:
— Бўлиши мумкин эмас! — деди кескин. — Ким телефон қилди?
— Полковник Мусахўжаев деган одам.
— Қаердан?
— Милисадан бўлса керак.
— Нима кўп, милисанинг идораси кўп. Нима кўп полковник кўп.
— Тўғри… лекин Мусахўжаев биттадир?
«Яна ақл ўргатади-я», деб ғижинди Асадбек.
— Ваҳима қилаверманг. Қилич Сулаймоновдан ўнта бўлса ҳам қўрқманг.
Асадбек иғвонинг исини туйган бўлса ҳам, керакли бир жойга қўнғироқ қилиб, аниқлаб беришни топширди.
«Қиличнинг қочиши ҳечам мумкинмас. Хоҳласа шундай ҳам чиқиб келади. Ё Ҳосил аралашдими? Қочганлар унинг одамлари бўлса, балки шу гап ҳам тўғри чиқар. Бу бойваччанинг қимирлаши яхши бўлмаяпти. Қилични ўтқазиб қўйиб бекор қилдимми?..»
Чорак соатга қолмай ҳаммаси аён бўлди. Қамоқдан беш киши қочгани тўғри, лекин Қилич Сулаймонов жойида эди. Полковник Мусахўжаев деган одам эса йўқ. Демак, иғво! Кимга керак бу иғво? Мақсад Шарифни қўрқитиб қўя қолишми? Ё Асадбек салтанатига тош отиб, ғашига тегишми? Ким бўлса ҳам нозик жойидан олган. Бегонанинг иши эмас бу. Асадбек бир тўхтамга келишга улгурмай Ҳосилбойвачча қўнғироқ қилди.
— Акахон, тўйнинг чарчоқлари чиқай дедими? Аммо оламжаҳон зўр тўй қилдингиз-да! Ҳорманг, деб супрақоқдига боришга вақт бўлмади. Тўйингизнинг эртасига Фарғонага жўнаб қолдим. Бугун қайтдиму окахонни бир йўқлаб қўяй, дедим.
— Тинчликми? — деди Асадбек.
— Ғалвали ишлар бор. Кўришганда айтаман.
— «Камаз»га кетганлардан дарак борми? Қўлидан иш келадиган болалармиди ўзи?
— Бу ёғига хотиржам бўлинг, окахон. Ўнта «Камаз» сизники. Шу ҳафта ичи етказиб келишмаса, башарамга туфланг.
— Сиздай укахонларга ишонмасак, кимга ишонамиз, шунчаки сўраб қўйдим-да.
— Аммо, тўйингиз жаннатнинг тўйидек бўлди-да! Биз ҳам шундай тўйларга етайлик, деб ният қилдик. Энди кичкинагина бир маслаҳатли иш бор. Куёвингизга бир хизматча чиқиб турибди. Бир қадрдонимиз тўй…
— Ҳосилбой, жигарим, бунақа гапларни ўзига айтинг… Мен «амма-холаси ҳаводор», деб ўтирадиган дастурхончи эмасман, шекилли?
— Узр, окахон, аввал олдингиздан ўтай девдимда…
Ҳосилбойвачча узр айта-айта хайрлашди. Асадбек гўшакни жойига қўйиб, сўкинди. «Ҳайвон-э, — деди у, — энди калака қилишни бошладими? Нима демоқчи? Отарчига қиз бериб, унинг гумаштасига айландинг, демоқчими?.. Мақсад нима? Элчинни тўйга айтишми? Ундан машҳурроқ отарчилар турганда-я? Ҳа, тулки! Элчинни тўйга олиб бориб, калака қилади. «Кўриб қўйларинг, Асадбекнинг куёви керак бўлса оёғимни ўпади», дейдими? Нима учун қўнғироқ қилди ўзи? Мақсад шуни сўрашмиди ё ҳолимдан хабар олмоқчимиди? Шарифга шунинг одамлари телефон қилмаганми? Бу ғалва кимга керак?»
Асадбек шу тўхтамга келди. Катта урушларнинг майда қитмирликлардан бошланиши унга маълум. Ҳосилбойваччанинг ягона ҳоким бўлишга тиришиши ҳам унга сир эмас. У тулки урушни ўзи бошламайди. Биринчи бўлиб қўл кўтаришга Асадбекни мажбур қилади. «Қани, ғимирлайвер-чи…» Асадбек шундай деб ғижиниб, ўтирган ерида Бўтқани чақирди.
— Жамшид шу ердами, айт, отарчини… Элчин акангни топиб келсин.
— Хўп бўлади, Бек ака, окахон келгандилар, — Бўтқа шундай деб хушхабар етказгандай жилмайди.
— Қайси «окахон»?
— Жалил акамиз-да.
— Ўзими?
— Кўчада иккита чол турибди, бирга келишди.
— Қани, чақир-чи.
Жалил бир оз кутиб қолганми, тумтайганроқ кўринишда кириб келди. Асадбек уни ўрнидан туриб қаршилади.
— Киравермай, ўтирдингми? — деди Асадбек. — Бунақа одатинг йўғиди-ку?
— Ҳурматинг бор, ошнам. Биз бир бекорчи одам бўлсак, — у шундай деб қўлтиғига қистириб олган эски газитга ўроғлик нарсани узатди. — Тўйга келолмадим. Яхши ўтказиб олдингми?
Асадбек кулимсираб газитни оча бошлади. Жалил нима келтирганини у биларди. Билса ҳам дўстининг кўнгли учун очишга мажбур эди. Очмаса Жалил бобиллаб бериши тайин. Эски газитга эски калиш ўралган эди. Бу ўша эски фалсафа — судраб юрган чориғингни унутма.
— Тўйга келмаганингга гина қилиб ўтирувдим, тинчликми ўзи, нимага келмадинг?
— Сен мени тўйга айтдингми? — Жалил овозини бир парда кўтарди.
— Биринчи бўлиб сенга хабар бердирганман.
— Катта бўлсанг ўзингга, бу биринчидан, бойвачча бўлсанг ҳам ўзингга, бу иккинчидан, хўпми! Лайчаларингни юбориб тўйга айттирдингми? Ўзингнинг оёғинг етмадими?
— Энди ошна, тўйчилик, шошиб қоларкансан.
— Ўзингга ўхшаган бойваччаларни айтишга шошмагандирсан?
— Хўп, тавба қилдим, мен аҳмоқман, — Асадбек ҳам овозини кўтарди, — ўзим бормабман. Ошна деган эшитса келаверади. Оғайнисининг ёнида далда бўлиб, қўл қовуштириб туради.
— Ҳа, бўпти, қўрққан олдин мушт кўтарар, деб жириллайверма. Нимага келдинг, деб сўрамайсан-ми?
— Бир ғалвани бошлаб келгансан-да, кўчадаги чоллар ким?
— Соли ота билан Жўра чўлоқ.
— Жўра чўлоғинг ким?
— Яқинда келган. Собир қозоқнинг уйини сотиб олган. Танимасанг керак уни.
— Нима ишлари бор экан?
— Мен айтайми, ўзларидан эшитасанми?
— Чақир.
Асадбек Жалилнинг изидан чиқиб, оқсоқолларни видеобарда кутиб олди-да, тўрт кишига мўлжалланган устолга бошлади. Бўтқа буйруқни кутмаёқ, дастурхон безади. Қариялар ертўла ҳам шунақа ажойибхонага айлантирилиши мумкин экан, деб ҳайратланиб ўтиришди. Бир пиёладан чой ичилгач, Соли ота деганлари оҳиста сўз бошлади:
— Энди ўғлим, биз отанг раҳматли билан вақтида ошначилик қилганмиз. Тўғри одам эди. Бировнинг кўнглини оғритмасди.
— Жойи жаннатда бўлсин, — деб гап қистирди Жўра чўлоқ деганлари. Соли ота «гап қўшмай туринг», дегандай унга қараб олди.
— Гап шуки, ўғлим, сиздан ҳам розимиз. Маҳаллага хизматлар қилиб бердингиз. Хизматларингизни унутмаймиз. Аммо бир ишингиздан норозимиз, шуни айтгани келдик.
— Кўпчилик норози, яхши иш қилмабсиз, — деди Жўра чўлоқ.
Асадбек ажабланиб, Жалилга қаради. У «ҳозир ўзинг эшитасан», дегандай им қоқди.
— Ўғлим, биласиз, маҳалламиз эски, тўкиламан, деб турибди. Битта каталакдеккина уйда ўнта оила. Болаларимиз турмуш қуриб ўз уйларига сиғмай ижараларда ўтиришибди. Бу эскилар қачон бузиларкин, қачон бизга ҳам уй тегаркин, деб кутавериб сарғайиб кетдик.
— Бунақада сил бўлиб кетиш ҳеч гапмас, — деди Жўра чўлоқ. Соли ота унга яна бир марта норози қиёфада қараб олди.
Асадбек бу ташриф ташаббуси Соли отадан эмас, айнан шу чўлоқдан чиққанини англаб, ғижинди. Узоқдан бошланган гап моҳиятига етгунча тоқат қилди.
— Гапнинг индаллоси шуки, ўғлим, бултур уйлар бузилади, деб ўлчаб-нетиб кетишувди. Энди эшитсак, бузилмасмиш. Узунқулоқ гапларга қараганда сен тўхтатган эмишсан.
— Менми? — Асадбек ажабланди. — Ким айтди?
— Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламай-ди, — деди Жўра чўлоқ.
Асадбек унга қовоқ уюб қаради:
— Ўша шамол қаёқдан келди?
— Энди эшитдик-да, ўғлим. «Ота-онам яшаган уйни буздирмайман» деганмишсан. Бир жиҳатдан сен ҳақсан. Менинг ҳам кўзим қиймайди. Саксон йилдан бери кўрганим шу маҳалла. Ўлигим шу уйимдан чиқса армоним йўқ эди. Лекин иложим қанча? Болаларимга ачинаман. Қўлим калталик қилиб, тузукроқ уй-жой эплаб беролмадим. Ночорман-да…
— Соли ота, сиз шу гапларга ишондингизми? Ҳукумат бузаман деса, мендан сўраб ўтирарканми? Мен ҳукуматга кимман? Ҳеч кимман! Одамлар гапираверади-да.
— Одамлар аҳмоқ эмас, бўлар-бўлмасга гапираверишмайди, — деди Жўра чўлоқ. — Сизнинг кимлигингизни биламиз. Қаёққа қўл узатсангиз етади.
— Шунақами?! — Асадбек қўлидаги пиёлани устол устига тақ этиб қўйди. Жўра чўлоққа ғазаб билан тикилди.
Жалил ҳам, Соли ота ҳам иш бузилганини фаҳмлашди.
— Майли, ўғлим, хафа бўлма, одамларнинг оғзига элак тутиб бўлмайди-да, — деди Соли ота вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб. Аммо ғишт қолипдан кўчган, суҳбатни давом эттиришнинг ҳожати йўқ эди.
Асадбек бир кўнгли Бўтқани чақиртиргиси, бу чўлоқни кўчага улоқтиргиси келди. Ёнида ўтирган Жалил «ўзингни бос», деган маънода сонига туртиб қўймаганида балки шундай қиларди ҳам. Бироқ, фақат жисман эмас, ақлан ҳам оқсоқ бўлганлар валдираганида жим ўтиролмас эди. Бунақаларнинг «Бопладимми!» деб чиқиб кетишига йўл қўя олмас эди.
— Сен кимсан ўзинг? — деди Асадбек, Соли отанинг гапига парво қилмай. Унинг дабдурустдан сансирашга ўтиши Жўра чўлоқни андак довдиратди. У жавобга оғиз жуфтламай туриб, савол яна такрорланди: — Ўзинг кимсан, деяпман. Маҳаллага битта тош қўйганмисан? Кеча келиб бугун ҳаммаёқни саситиб юрган сенмисан, ҳали?! Соли ота, ит етаклаб юриш одатингиз йўқ эди-ку, қариганингизда сизга нима бўлди? Бу агар маҳаллага сиғмаётган бўлса кетига бир тепиш керак, чиққан жойига кириб кетсин.
Жалил тиззаси билан яна сонига туртди.
— Бўлди, қўй энди, — деди.
— Сен жим ўтир. Кимлигимни бу билмаса сен биласан-ку? Шунақа дейишса, бошлаб келавердингми? Агар қўлимдан келса… буздиртирмайман маҳаллани! Ҳаммаёқ бузилиб бўлди. Битта маҳалла қолсин. Аммо мана буни, — Асадбек кўрсаткич бармоғи билан Жўра чўлоқни кўрсатди, — йўқотинглар. Маҳаллага бегона аралашмасин.
— Сиз…
Жўра чўлоқнинг гапи оғзида қолди. Соли ота дуога қўл очди.
***
Асадбек иғво қилинганини, Қилич Сулаймонов қамоқда ўтирганини айтганидан кейин ҳам Шариф тинчимади. Эси оғиб қолган одамдай хонасида у ёқдан-бу ёққа бориб келаверди. «Нимага иғво қилишади, ким иғво қилади?» деган савол миясига ўрнашиб олиб тинчини бузди. Телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермади. Котиба биринчи марта эшик очиб, ажабланди. Иккинчисида «жиннироқ одамми бу», деб чўчиди.
Шариф хонасига сиғмади. Палтосини кийиб уйига кетди. Қамоқдан қайтган куннинг эртасигаёқ ўзи учун ҳам кутилмаган бир тарзда ҳовлисида қурилиш бошланган эди. Иккита ағдарма машина пишиқ ғишт ташлаб кетганида «шўпирлар адашди-ёв», деб ўйлади. Сўнг тўрт киши ғиштни ҳовлига таший бошлади. Сўнг тахта келди. Мардикорлар Шарифнинг саволига фақат елка қисишди. «Бизга пул бериб буюришди, биз ишлаяпмиз», дейишдан нарига ўтишмади. Бу ҳаракатлар Асадбекнинг ҳиммати туфайли бўлаётганини кейинроқ билди. Ундан кўра кўпроқ Насиба хавотирга тушди. Эрининг қамалиши, пул сўраб ёзилган хат, сўнг тўсатдан озод бўлиши, кейин қурилиш… винзаводга бошқон бўлиш… Ҳар қандай аёлнинг эсини ўғирлаши турган гап. Аёлларнинг сочи узун, ақли калта, деганлар уларнинг кўнгли сезгир бўлишини ҳисобга олмаган бўлсалар керак. Хонадонлари боши узра ёпирилиб келаётган абри балони эрлардан аввалроқ сезадилар. Сезадилар-у, уни қайтаришга ожизлик қиладилар. Насиба эрининг ёмон бир ўйинга аралашиб қолганини сезиб турарди, аммо уни бу ўйин гирдобидан чиқариб олишга қурби етмасди. Қурилишни қандай тўхтатсин, қандай қилиб винзавод бошқонлигидан бўшатсин? Шунча йил камтар ҳаёт кечириб, бирданига дабдаба бошланиши маҳалла назаридан четда қоларканми? «Босиб қўйган пуллари бор экан, писмиқлар!» дейишадими ё «винзаводга хўжайин бўлиб босар-тусарини билмай қолди», деб гап тарқатишадими? Нечта одам керакли жойларга хат ҳам жўнатгандир…
Насиба бехос кириб келган эрини кўриб ажабланди. Оқарган юзига қараб «тоблари қочибди», деб ўйлади.
— Усталар қани? — деди Шариф, хотинининг саломига алик олмай.
— Келишмади. Кеча «совуқда ғишт термаганимиз маъқул», дейишувди.
— Ҳе, ношуд! Шуларни ҳам эплаб ишга солмагин! Бунақада юз йилда ҳам битмайди уйинг.
— Вой, мен уларга хўжайинманми?..
— Оғзингни очиб ўтиравер. Каталакдай уйда катта бўлгансан. Сенга одамбашара уйнинг кераги йўқ. Ўтиравер!
Насиба эрининг авзойи бузилганини билиб, битта гапдан қола қолди. Эр ғазаб отига миниб, қилич яланғочлаган маҳалда хотинга қийин. Эрга пешма-пеш гап топиб бериб турса ё калтак ейди, ё уйдан ҳайдалади. Битта гапдан қолса яна ёмон — хотиндан жавоб қайтмагач, эрнинг ғазаб тошлари ичида қолиб, қийнаб юборади. «Нимага тумтайиб олдинг, гапларим ёқмадими?» деб бошқа томонга ҳужумга ўтади.
Ҳозир ҳам шундай бўлди. Шариф бисотидаги бақириқларни ишлатиб бўлгунича Насиба индамай тураверди. Кейин уйга киришди. Шарифнинг назарида уй исиб, димиқиб кетган экан. Насиба бу учун ҳам гап эшитди. Шариф тажрибахонасига кириб бир пиёла ўткир мусалласдан ичгач, ҳовури сал босилди. «Насибага нима учун бақирдим?» деган савол уни инсоф кўчасига қайтарди.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК
