АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (11-қисм. Биринчи фасл)
* * *
Бувижонимнинг аҳволи яхшиланганини эшитиб, худди онадан қайта туғилгандек ўзимни енгил ҳис этардим. Шу сабабли ёнимда кетиб бораётган милиционернинг совуқ боқишларига ҳам, аҳён-аҳёнда пўписа қилишларига ҳам кўз юмдим. Ягона орзум тезроқ касалхонага етиб бувижонимнинг қадрдон овозини эшитиш…
Палатага қадам қўярканман, каравотнинг бир четида қунишибгина ўтирган Шарифани кўриб тош қотдим.
У қаердан эшита қолди? Қачон келди? Нега менинг олдимга бормади? Нега бу ерга келди?
Шундай саволлар бир неча сонияда миямни нақ кемириб ўтди. Бироқ сир бой бермадим. Каравотда чалқанча ётганча Шарифага меҳр билан тикилиб қолган бувижонимга яқин бордим.
— Тўхта! — дераза олдида фуқаро кийимидаги ўрта яшар эркак турганини пайқамабман. Ҳойнаҳой, терговчи шекилли, чаққон юриб келиб олдимни тўсди. — Каравотга яқинлашма! Манави курсига ўтир-да, саволларимга жавоб бер!
— Хўп, — дедим бувимга маъноли қараб олиб. — Ўтирганим бўлсин!
— Хўш, нега ўз бувингга қўл кўтардинг? — сўрашни бошлади терговчи. — Кекса кампир сенга нима ёмонлик қилганди?
Мен жавоб беришга оғиз жуфтлаб улгурмай, бувим синиқ товушда сўз қотди.
— Бола-ам, Қодиржонимнинг айби йў-ўқ… Уни уришманглар!..
— Холажон, — бувимга яқин бориб деди терговчи. — биламан, сиз неварангизни ҳимоя қилаяпсиз. Аммо ҳақиқат исботланди-ку! Баданингизда мана шу йигитнинг бармоқ излари бор.
— Э, уйимга ўғри тушди, — мени оқлашда давом этди бувим. — Ана, ўғлим ҳам бор эди ўша ерда. Пулимни ўғирлаб, ўзимни итариб юборди. Кейин… Қочиб кетди, болам.
— Унда неварангизнинг бармоқ излари қаердан пайдо бўлди?
— Бармоқ изларими?.. — бувим бир-икки томоқ қириб олган бўлди-да, давом этди. — Ўша ярамас ўғри келишидан сал олдин Қодиржонимни бағримга босиб эркалагандим. Анчадан бери кўрмагандим-да! Шунақа, бир-икки кун кўрмасам соғиниб қоламан. Эркалайман болажонимни!
— Демак… Унда ўғлингиз шу ишни қилган.
— Э, қанақа ўғлим?.. Уям Қодиржонминан бир вақтда кириб келди. Ўғри кетиб бўлганди. Икковлашиб мени уйга олиб киришди… Яхшиям шулар бор экан. Йўқса, ўлиб қолардим… Жон болам, майли, нима бўлса бўлар. Ўғрисигаям даъвойим йўқ. Жоним омон қолди-ку! Илтимос, мана шу неварамни қўйиб юборинг! Жуда нимжон Қодиржоним. Касал бўп қолади.
Терговчи ҳайрон бўлиб елка қисди-да, қўлидаги қоғозларни титкилай-титкилай, сумкасига жойлаб бошини чангаллади.
— Жуда ғалати кампир экансиз. — деди терговчи совуққонлик билан. — Сал қолса ўлдириб қўйишаёзибди-ю, сиз бўлсангиз даъвойим йўқ дейсиз. Йўқ, бунақаси кетмайди. Биз то ўғрини топмагунча Қодиржонингизни қўйиб юбора олмаймиз.
Бу гапни эшитиб бувим секин бошини кўтарди.
— Сизниям онангиз борми, болам? — сўради терговчидан. — Айтинг, туққан онангиз борми?
— Албатта бор.
— Худо кўрсатмасин, сиз Қодиржонимнинг ўрнида бўлиб қолсангиз, онангиз нима қиларди?
Терговчи бу саволга жавоб бермади. Секин тескари ўгирилди.
— Ҳа-а, онангизам менга ўхшаб ялинарди. Чунки она-да! Фарзанди қамалиб қолади-ю, қўл қовуштириб ўтирармиди. Дунёни остин-устун қилиб юборарди, ҳа!.. Қаранг, мана бу аёл келиним бўлади. Ҳадемай кўзи ёради. Жон болам, Қодиржонимни қўйиб юбора қолинг! У дунёи бу дунё қўлим дуои жонингизда бўлади.
— Ҳа майли, кўндирдингиз, — деди терговчи кулимсираб. — Шундоғам бу йигитни ушлаб туришга қўлимизда етарли далил йўқ эди. Лекин айтиб қўяй, бир гап бўлса ўзингиз жавоб берасиз, хола!
— Бўпти, бўпти, — ётган ерида қўл силтади бувим. — Болаларим учун нима жавоб бўлса, беравераман.
— Майли, унда манави ерга қўл қўйиб юборинг!
Бувим беихтиёр бир менга, бир Шарифага жавдиради.
— Вой, мен ёзишни билмайман. Ана, неварам қўя қолсин!
— Йўқ, ўзингиз қўясиз. Бировнинг қўли ўтмайди. Мана, шу ерга чизиб қўйинг! Баракалла! Бўларкан-ку, хола! Бўпти, энди мен борай. Тезроқ тузалиб кетинг!
— Мен тузукман, — деди бувим бўш келмай. — Бошим сал оғриди, холос. Ҳозир отдайман…
* * *
Терговчи чиқиб кетгач, кўнглим янада ёришди. Чунки ҳаммаси ҳал бўлди. Мени олиб келган милиционер ҳам прокуратура терговчисининг буйруғига қарши сўз айта олмади. Қовоғини уйганча чиқиб кетди. Демак, энди мен озодман. Бувим ҳам тирик қолди…
Бироқ қалбимда номаълум ғалаён ҳукмрон эди. Бувимнинг бу қадар куюнчаклиги, қайноқ меҳри вужуд-вужудимни куйдира бошлаганди.
— Эҳ, бувижон, — ҳайқирарди қалбим. — Нега бундай қилдингиз? Ахир, ўз фарзандингиз сизни шу кўйга солди. Нима учун кўз юмдингиз? Менга-чи? Бор йўғи неварангизман. Мени ҳам қутқариб қолдингиз-а, бувижон! Нимага туққан онам сизчалик меҳр бера олмайди? Нега у ҳам сиз каби мени эркалаб бағрига босмайди? Бунинг ўрнига уйидан ҳайдаб солади, бир марта бўлсин ҳол сўрашга ярамайди? Нега? Бу жумбоқларни қандай ечай? Дунёнинг синоатлари шу қадар кўпми?
— Болам, Шарифа сени бой қилиб юбораман деяпти, — бувимнинг кутилмаган товуши мени ҳушёр торттирди ва шоша-пиша бошимни кўтардим.
Бувим Шарифани бағрига босганча қалин сочларини меҳр билан силарди.
— Эшитдингми? — қайта сўради бувим. — Келиним жуда яхши экан. Сени бой қилиб юбораман деяпти-я, болам!..
Мен зимдан хотинимга разм солдим. У гўё бўлиб ўтган ишларни унутгандек хотиржам ўтирар, бувимнинг гапларига кулимсираб қўярди.
— Ҳа, бувижон, — тилга кирди Шарифа. — Мана кўрасиз, мен ўғлингизни албатта бойитаман. Биз катта шаҳарга кўчиб кетамиз. Ўша ерда бозор-ўчар қилиб кўп пул топаман. Қодир акамга янги машина сотиб оламиз.
— Нима? — унинг сўзини кесдим мен. — Қаерга кўчиб кетамиз? Катта шаҳарга? Мендан сўрадингизми?
— Қўй, Қодиржон, — мени тинчлантирган бўлди бувим. — Келиним тўғри айтаяпти. Чўлу-биёбонда сарғайиб юргандан катта шаҳарга борганларинг дуруст. Ҳарқалай у ёқларда барака кўп-да!
— Йўқ, бувижон, бунинг нима деётганини биласизми?.. Тағин…
— Бас, — дея сўзимни бўлди бувим. — Агар мени десанг, келинимни хафа қилмайсан. Ундан кўра, бор, ташқарига чиқиб, гаплашиб олинглар!
Ортиқ қаршилик қилишга ожиз эдим. Истар-истамас Шарифанинг ортидан эргашиб йўлакка чиқдим.
* * *
Ўша куни Шарифадан қаттиқ ранжигандим. Буни ҳозир ҳам ичимда сақлаб тура олмадим.
— Бир нарсани тушунмадим, — дедим киноя билан. — Сиз аразлаб кетгандингиз шекилли? Нега бу ерга келиб юрибсиз?
Шарифа лаб бурганча юзини терс бурди.
— Келсам нима қипти? Бувимни кўришга келдим.
— Хўш, мени бу ерга олиб чиқиб нима демоқчи эдингиз?
— Менми? — хотиним бироз иккиланиб турди-да, мақсадга кўчди. — Биласизми, кеча Етиммаҳаллада турадиган дугонамни кўриб қолгандим. Эри билан катта шаҳарга кўчиб кетишган экан. Бозорда зўр савдо қилса бўлади деяпти. Кейин… Уйлар ҳам арзон эмиш…
— Шунақами? — дедим ғижиним келиб, — Ундай бўлса, кетаверинг!
— Бир ўзим-а?.. Ҳечам-да!
— Чўлдан ҳам бир ўзингиз кетдингиз-ку! Нима бўларди? Бориб бозорингизни қилаверасиз.
— Устимдан кулаяпсизми, Қодир ака? Сизсиз ҳеч қаерга бормайман.
— Нега?
— Чунки… Эримсиз…
— Ҳа, шундайми? — киноямга янада эрк бердим. — Ўйловдимки…
— Қодир ака, — сўзимни кесди Шарифа. — Ўзингиз бир умр олий маълумотли бўлишни орзу қилганман дегандингиз. Келинг, катта шаҳарга борайлик. Сиз ўқишга кирасиз, мен бўлсам бозорда савдо қилиб сизни ўқитаман.
— Ў, иштаҳа зўр-ку! — дедим совуқ кулимсираб. — Мени ўқитиб, тағин бошимни миннат тошлари билан ёраркансиз-да! Олдингилари каммиди?
— Қўйсангиз-чи шунақа гапларни! Ҳеч ким сизга миннат қилган эмас. Ўзингиз қаёқдаги хаёлларни каллангизда айлантириб ҳаммасини чалкаштириб юборгансиз. Ё ёлғонми?
— Бўпти, бўпти, — гапни калта қилишга уриндим. — бўладиган ишдан гаплашайлик!
— Хуллас, божангиз Ҳикмат поччам куни кеча машинасини сотди. Агар мен бориб илтимос қилсам, қарз бериб турарди. Биз ўша пулга катта шаҳардан уй сотиб олардик. Нима дейсиз?
— Э, қайси аҳмоқ шунча пулни қўлингизга тутқазиб юборарди? Ўйламай гапиравераркансиз-да!
— Олдин мен билан поччамникига боринг, кейин биласиз! Ё… Бормайсизми?..
Ҳайрон бўлиб қолдим. Нафсиламбирини айтганда, шу тобда қандай йўл тутишни билмай гаранг эдим. Миямда ҳануз милиция, камера, тергов қуюн каби айланар, бир тарафдан тоғамга бўлган нафратим қалбимни эзар, бувимнинг келгуси тақдири ҳақида ўйлаганим сайин хавотирим ошарди. Нима қилсам бўлади? Уззукун касалхонада қолиб кета олмайман-ку! Ўз оёғи билан бош эгиб келган хотинимни яна ёлғиз жўнатсам, нима бўлади? Буткул воз кечиб кетса-чи? Ҳолим не кечади? Бунга нима? Поччасидан бир амаллаб пул ундирса, укасини ёнига олиб ҳам катта шаҳарга жўнаб кетиши мумкин. Уй сотиб олиб, бозор-ўчарини қилади, бойийди. Маза қилиб яшайди. Мен-чи? Ёруғ дунёнинг азобларига кўксимни тутганча қолиб кетавераманми? Ким менга меҳр кўрсатади? Онамми? Қариндош-уруғларми? Йўқ, сўзларига қараганда, Шарифа бир яхшиликдан хабар топган кўринади. Акс ҳолда ҳамма аразларни унутиб бувимни кўришга келмасди. Бораман. Кетидан қолмайман. Буёғига Худо пошша!
— Кетдик, — дедим Шарифани қўлтиғидан олиб. — Қани, ўша божаникига борайлик-чи!
— Раҳмат, Қодир ака! — менга ўтли боқди Шарифа. — Кўрасиз, сизни албатта бойитиб юбораман…
* * *
Ҳикмат божамни илк кўрганимдаёқ инжиқ ва тор феълли одам эканини англагандим.
Ичкарига кириб ўтиришимиз билан худди пул сўраб келганимизни сезгандек бирдан қовоғини уйиб олди.
Аммо Шарифа ҳам бўш келмоқчи эмасди. Ташқарида опаси Зарифа билан пичирлашиб олганми, бир кўз қисиб қўйди-да, эҳтиёткорлик билан гап бошлади.
— Почча, яхши юрибсизми? — сўради жилмайиб. — Тўйларгаям бориб турибсизми?
— Раҳмат, синглим. ҳаммаси яхши. — жавоб қилди божам истамайгина.
— Почча, бир илтимос билан келувдик.
Ҳикмат божам кескин бошини кўтарди. Чамаси, бирор тўй ёки тадбирга таклиф қилмоқчи деб ўйлади. Ҳозиргина қовоғидан ёғилган қорлар эригандек кулимсиради.
— Айтаверинг, Шарифахон! Нима илтимос?
— Яқинда машина сотибсиз деб эшитдик. Ростми?
Божам бу гапдан сўнг яна қовоғини уйиб олди.
— Ҳа, сотдим… Нимайди? — сўради совуққонлик билан.
— Ўзи-чи, — энди артистликка ўтди Шарифа. — поччаларни ичида фақат сиз хотамтойсиз. Шунинг учун нима камим бўлса, ҳаддим сиғиб келавераман!
Божам бу гал бир елка силкитиб олди. Адашмасам, хотинимнинг бу хушомади унга ёқиброқ тушди.
— Жа айёрсиз-а, Шарифахон? — деди у ҳийла очилиб. — Ҳа энди… Гапни чўзмай пул сўраб келдим деяверинг-да!
— Ичимсиз-да, почча, ичимсиз! — кулди Шарифа. — Нима демоқчилигимни оғзимдан чиқмай туриб билиб қўясиз-а! Менга қаранг, почча, мабодо опамга уйланмай туриб психологликка ўқимаганмисиз?..
Бу гап божамга ростакамига наъша қилди. Беихтиёр хохолаб кулиб кўрсаткич бармоғини бигиз қилганча хотинимга ёлғондакам пўписа қилган бўлди.
Шарифа бир муддат ер чизган бўлиб овозини пасайтириброқ сўз қотди.
— Почча, биз катта шаҳарга кўчиб кетмоқчимиз. Шунга… Биласизми, у ерда зўр бозор қилиш мумкин экан. Дугоналарим қизиқтириб қўйишди. Биласиз-ку, мен бозор-ўчарни боплайман!
— Хўш, мен нима қилиб берай? — сўради божам жиддий оҳангда. — Кузатиб қўяйми?
— Уй сотиб олишимизга ўша… Машинангизнинг пулини бериб турсангиз девдим…
— Ие, қизиқ бўлди-ку, — бошини терс бурди божам. — Нега энди бутун бошли машинамнинг пулини сизга бериб юборарканман? Ўзим-чи? Ўзим нима қиламан?
— Узоғи билан олти ойда қайтараман. — деди Шарифа. — Мана, туғишган опам гувоҳ.
— Дадаси, барибир ҳозир бизга пул унчалик зарур эмас-ку! — ўртага тушди Зарифа қайнопам. — Икковлари жуда қийналиб кетишди. Бир савоб иш қилсак қилибмиз-да! Ҳар ҳолда бегона эмаслар-ку!
— Тўғри, — божамнинг овози сал титраб чиқди. — Локигин шунча пулни қўшқўллаб бериб юборсам…
— Берсангиз менинг синглимга берасиз, — дея ўрнидан туриб кетди Зарифа. — Ё менинг ҳурматим йўқми?..
Ҳикмат божам бу гапга қандай жавоб қайтаришни билмай каловланиб қолди. Хотинига кўзларини лўқ қилганча бир неча сония чақчайиб тургач, бош чайқади.
— Хотин… — деди сўнг у эшитилар эшитилмас. — Одамни қон қилиб юборасан-да! Ким ҳурматинг йўқ деяпти?
— Унда яхши ният қилиб пул бериб туринг! Ҳали қараб турасиз, синглим бойвучча хотин бўлади…
— Айтганинг келсин! — божам хоҳламайгина ўрнидан қўзғалди-да, пул олиб чиқиш учун нариги хонага кириб кетди.
Зарифа эса бизга айёрона кўз қисган бўлиб, Шарифанинг елкасига қоқиб қўйди.
* * *
Пул қўлга теккач, Шарифа иккимиз гапни бир жойга қўйдик. Аввал шаҳарга мен бориб вазиятни ўрганадиган, уй танлайдиган бўлдим.
Ҳарқалай илгари катта шаҳарда озми-кўпми яшаганим Шарифада умид уйғотди шекилли, қўлимга етарлича пул бериб кузатиб қўйди.
Эрта тонгда йўловчи таксининг орқа ўриндиғида ўтирарканман, гўё еттинчи осмондан-да юксакроқда парвоз қилардим.
Ҳа, мана энди росманасига елкамга офтоб тегадиган бўлди. Бунга шубҳам йўқ. Болаликдан орзу қилган даргоҳда билим оламан, Шарифа бозор-ўчарни бўйнига олади. Демак аллакимларнинг қош-қовоғига қараб азобланмайман, яна эртанги кун ташвишидан ҳам йироқ бўламан. Тинчлик бўлса бир неча йилдан сўнг аканг қарағай олий маълумотли мутахассисга айланади. Ўшанда қишлоқдагиларнинг манаман деганлари ҳам оғзимга тикилиб мендан сўнгги сўзни кутишади. Ҳадеганда камситиб, ғуруримни лойга булғайверишмайди…
— Балосан, Шарифа, — ўйлардим ўзимча, — Шундай хасис поччангни эрита олдинг-а! Толеим кулган одам эканман. Шундай уддабурон, оёқ-қўли чаққон, тилли-жағли хотинга йўлиқдим. Бундан ортиқ бахт бормиди…
Тўрт соат деганда катта шаҳарга кириб келдик. Машинадан тушгач, вақт ўтказиш учун шаҳар айландим. Уй бозорига бориб квартираларнинг нархи билан қизиқдим. Ўзим тенги бир йигит айтган нарх маъқул келиб квартирасини бориб кўрдим. Жуда шинам, маҳалла ҳам осойишта экан. Уй эгаси билан шартлашиб бўлганимдан кейин бир вақтлар ўзим ижарада турган Иван бобо исмли пиёниста чолнинг уйини мўлжал қилиб йўлга тушдим…
Кеч тушиб қолганлиги сабабли подъезд ним қоронғи эди. Учинчи қаватга чиқдим-да, бўёқлари ўчиб кетган қия очиқ эшикни тақиллатдим.
Ичкаридан аллакимларнинг ғўнғир-ғўнғир овози қуллоққа чалинарди.
Эшикни тинимсиз тақиллатаверганимдан сўнг овозлар тиниб ичкаридан Иван бобо гандираклаганча чиқиб келди.
Бирпас менга танимагандек тикилиб тургач, кутилмаганда қулочларини ёйди.
— Э, Қодир, сенмидинг? — мени бағрига босди Иван бобо. — Тўғри кириб бораверсанг бўлмайдими, хумпар? Юр, ичкарига! Анчага келдингми?
Мен ошхонага ўтиб қўлимдаги сумкани стол устига қўйдим-у, одатимга кўра Иван бобога пул узатдим. Биламан, у ижара ҳақини олдиндан олиб қўйишни хуш кўради.
— Бир кечага, — дедим кулимсираб. — Хонам бўшми?
— Албатта, — деди Иван бобо жонланиб. — Бемалол дамингни олавер! Фақат… Айтиб қўяй, у хонада бир болакай ухлаяпти… Э, улфатлардан бирининг боласи. Уйғотиб юборма!
— Хўп, бобо, уйғотмайман.
Хурсанд бўлиб хонамга кирдим-да, эҳтиёт шарт эшикни ичкаридан тамбаладим.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ
