Бугун «Пекин-2022» олимпия ўйинлари тантанали ёпилди
Пекинда XXIV қишки Олимпия ўйинлари якунланди. Мураккаб эпидемиологик вазият бўлишига қарамай, Хитой ҳукумати ушбу мусобақани юқори савияда ташкил қилишга муваффақ бўлди, дея ёзмоқдаЎзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси.
«Ташкилий қўмита меҳмонларнинг саломатлигини максимал даражада назорат қилди ва ўз олдига қўйган мақсадга тўлалигича эриша олди. Мусобақага ташриф буюрган меҳмонлар бир неча кун давомида Хитой халқининг меҳмондўстлиги, мамлакатнинг замонавий спорт иншоотлари ва энг тоза экологик қишки Олимпиадага гувоҳ бўлишди»,-дейилади қўмита хабарида.
Қайд этилишича, «Қуш уяси» стадионида ўтказилган тантанали ёпилиш маросими ажойиб бадиий чиқишларга бой бўлган. Маросимда сўзга чиққан Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бах ҳам ушбу ўйинлар инсоният тарихидаги энг ёрқин Олимпиадалардан бири бўлиб қолишини таъкидлагани айтилади.
Анъанага мувофиқ, маросимда ХОҚ байроғи келгуси қишки Олимпиада мезбони Италия давлатига тантанали равишда топширилган.
Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлигига кўра, Норвегия умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Комилжон Тўхтаев дисквалификация қилинди. Бунга спортчининг марра чизиғига яқин жойлашган дарвозадан ўтишда хатога йўл қўйгани сабаб бўлди.
olympic.uz