Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида қандай ҳужжатлар имзоланди?
Бир муддат аввал Шавкат Мирзиёев Тожикистон раҳбари билан тор доирада учрашув ўтказгани ҳақида ёзган эдик. Шундан сўнг, давлат раҳбари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтаётган брифингда «Тошкент-Душанбе» йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилишини маълум қилди. Шунингдек, тадбирда мамлакатлар ўртасидаги абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик муносабатларини ўрнатишга алоҳида аҳамият қаратилган. Хусусан, жараёндан хабар берилишича, Ўзбекистон-Тожикистон ҳамдўстлигининг 30 йиллиги муносабати билан Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий дўстлигига бағишланган бадиий фильм суратга олинади.
Айни дамда тадбирлардан «Darakchi» мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг маълумот беришича, Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида жами 12 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди, жумладан:
1. Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳамда Сўғд вилояти раиси Ражаббой Ахмадзода икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни;
2. Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноати қўмитаси раиси Бахром Шарипов ва Тожикистон Республикаси Саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир Ипакчилик соҳасида идоралараро ҳамкорлик Меморандумини;
3. Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Тожикистон Республикаси маданият вазири Зульфия Давлатзода Маданият ва санъат соҳасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган идоралараро Битимни;
4. Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Тожикистон Республикаси Миллий банки раиси Хоким Ҳолиқзода Жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида Англашув меморандумини;
5. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ҳамда Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин Атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш бўйича Англашув меморандумини ҳамда Ҳамкорлик тўғрисида идоралараро Меморандумини;
6. Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Тожикистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Давлатали Саид Саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича ҳукуматлараро “Йўл харитаси”ни;
7. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Рахмон Абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги Декларацияни имзоладилар.