Самарқанд шаҳри глобал саммитда бир эмас, икки номинация ғолиби бўлди
31 май – 2 июнь кунлари Сингапурда мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган “Halal In Travel – Global Summit 2022” халқаро саммити бўлиб ўтди.
Саммит доирасида Самарқанд шаҳри “Йилнинг ислом мероси манзили” ва “Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри” мукофоти ғолиби бўлди.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги бу ҳақда хабар бермоқда. Маълум бўлишича, тадбирда Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам онлайн форматда иштирок этиб, сўзга чиққан.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туризм сегментига, хусусан, зиёрат туризмига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида Ўзбекистон жаҳон мусулмон туризми бозорида муҳим ўринни эгаллади. Ривожланаётган ёш сайёҳлик йўналиши билан Ўзбекистон ҳам сайёҳларга, ҳам таҳсил олмоқчи бўлганларга кўплаб имкониятлар ва қизиқарли лаҳзаларни тақдим эта олади”, – дейди Абдуҳакимов.
Таъкидланишича, ушбу рейтингни ишлаб чиқишда мамлакатнинг сайёҳлар учун очиқлик сиёсати, мусулмон туристлар учун яратилган имкониятлар, тарғибот ва маркетинг, ислом мерэосини сайёҳларга етказиш даражаси каби қирқдан ортиқ мезон ҳисобга олинган.
CrescentRating ташкилоти раҳбари Фазал Баҳардин бу йилги кўрсаткичларга алоҳида тўхталиб, Ўзбекистонни рейтингда энг тез кўтарилган ва бошқаларга ўрнак бўлаётган давлат сифатида эътироф этган.