Президент Конституция бўйича ўз таклифларини берди (рўйхат)
Учрашувда президент асосий қонунга қатор нормаларни киритиш бўйича таклифлар илгари сурди. Kun.uz мазкур таклифларни санаб ўтади.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари йўналишида:
Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга (прописка чекловлари қайтиб ҳеч қачон тикланмайди);
ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланади;
шахсий ҳаёт дахлсизлиги кафолатланади;
мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўйилмайди;
ҳар бир шахс қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқига эга;
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши керак.
Тадбиркорлик ва ерга оид масалалар:
Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди;
давлат товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши, ички ва халқаро савдо ривожланиши учун барча шароитларни яратиши керак;
тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли;
давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатни ҳимоя қилиши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим;
ер хусусий мулк бўлиши мумкин; қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида қолади ҳамда тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилади.
Суд-ҳуқуқ соҳасида:
“Миранда қоидаси”: шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтириш бериш шарт;
“Хабеас корпус” институти: шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас;
ўлим жазоси тақиқланади;
шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас;
маҳбусларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт;
маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак;
суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак; иморат бузилишга тушганда бузишдан олдин унинг қийматига мос компенсация тўланиши шарт;
уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилади.
Давлат бошқаруви:
100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар гуруҳига ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилади;
ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар ваколати ажратилади;
давлат органлари очиқ, шаффоф, ҳисобдор, ихчам ва тежамкор бўлиши керак;
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича президент фармони Сенат томонидан тасдиқланади;
Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколати президентдан Сенатга ўтказилади;
маҳаллалар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш ваколатига эга.
Ташқи сиёсат:
Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритади;
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принцип ва нормаларига асосланади;
давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиши ва ривожлантириши лозим.
Оила институти:
Оила аёл ва эркакнинг (амалдаги Конституцияда “томонларнинг” дейилган) ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланади;
ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади;
кўп болали оилаларга имтиёз ва ижтимоий кафолатлар берилади;
ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир;
давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириши лозим;
давлат ёшларни маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун шароит яратиши лозим.
Таълим, тиббиёт, экология:
Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди;
давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши лозим;
“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деган умумий норма кенгайтирилади;
экологик-ҳуқуқий нормалар кенгайтирилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари:
Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади;
давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлаш учун шароит яратади;
алоҳида эътиборга муҳтож болалар учун инклюзив таълим ташкил этилади.
Шунингдек, президент Конституцияга камбағалликни қисқартиришни ва ижтимоий ҳимоя бўйича қатор нормалар киритишни ҳам илгари сурди.