Uzcard яна хусусийлаштирилди
Давлатнинг Uzcard’даги 75 фоизлик улуши компаниянинг қолган тўрт нафар таъсисчисига сотилган. Давлат активларини бошқариш агентлиги сентябр ойида рўй берган хусусийлаштириш ҳақида ОАВда тарқалган хабарлардан кейингина расмий маълумот берди.
«Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ (Uzcard) яна хусусий компанияга айланди. Ундаги 75 фоиз давлат улуши компаниянинг қолган 25 фоизига эгалик қилган Камрон Акбаров, Тимур Азадов, Мансур Усмонов ва Обид Ағзамхўжаевга ўтказилди. Энди уларнинг ҳар бири компанияда 25 фоизлик улушга эга.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, хусусийлаштириш бўйича битимлар қиймати баҳоловчи компания хулосасига асосан жами 210,1 млрд сўмни ташкил этган.
“Жамиятнинг устав фондидаги 75 фоиз давлат улуши жамиятнинг қолган 4 нафар иштирокчилари томонидан, имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда, ўз улушларининг миқдорига мутаносиб равишда ҳар бирига 18,75 фоиздан Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуни ҳамда Мулкни баҳолаш миллий стандартининг талабларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жалб этилган мустақил баҳоловчи «Real Excellent Valuation» МЧЖ томонидан баҳоланган қийматда, жамиятнинг устав капиталидаги давлат улушини сотиб олиш истаги билдирилган.
Ўз навбатида, мазкур шартномаларга мувофиқ, жорий йил сентябр ойида Давлат активларини бошқариш агентлигининг хусусийлаштириш жамғармасига келиб тушган ушбу маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланган”, – дейилади “Давактив” ахборотида.
Эътиборлиси, ўтган ойда рўй берган хусусийлаштириш ҳақида октябрь ойи ўртасига келиб, бу борада оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлардан кейингина маълумот бермоқда.