Чинакам халқчил Конституцияни яратиш чуқур мулоҳаза ва вақт талаб қилади
Сўнгги йиллар давомида мамлакатимиз ҳаёти Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар сари қўйилган муҳим қадамлар ва ижобий ўзгаришларга бой бўлди.
Ана шундай эзгу қадамлардан бири аҳоли кенг қатлами ва сайловчилар хоҳиш-иродаси бўлмиш конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат эди. Зеро, ҳар қандай демокртик ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга эга бўлсагина бардавом ва самарали бўлади.
Конституциявий ислоҳотларни барқарор ривожланишнинг зарур юридик замини, дейиш мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, ҳар бир фуқаронинг онги ва шууридан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинлигини тўлиқ кафолатлаган Конституциямиз чинакам халқчил қомусга айланиши лозим.
Миллий ва жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда келажак тараққиётимизни белгилаб берадиган асосий қонунимизни такомиллаштиришни замонинг ўзи талаб қилмоқда.
Жаҳон тажрибасини синчиклаб таҳлил қилар эканмиз, бугун дунёда ҳеч бир давлатнинг Конституцияси илк бор қабул қилинган таҳририда сақланиб қолмаганига гувоҳ бўламиз. Биргина XXI асрда дунёнинг 90 га яқин давлатида Конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди, 57 та давлатда кескин бахс-мунозаралардан сўнг янги қомус қабул қилинди.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, ҳар қандай замонавий демократик давлат Конституциясида ўзига хос муайян бир камчиликлар мавжуд.
Шу боис, Конституциявий ислоҳотлар жараёнида амалдаги Конституцияда бизга нима тўғри келмайди, ундан нимани сақлаб қолиш лозим, қандай янги ўзгартириш таклиф этилмоқда, у халқимизни оғирини енгил қиладими-йўқми, ёшларимизнинг талаблари, қолаверса, келажакдан умидлари қандай, деган қатор долзарб саволларга жавоб бериш зарур.
Зеро, ҳозирда замонавий конституциялар бундан юз йил олдин долзарб бўлмаган – атроф-муҳит, гендер тенглиги, инсон, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, келажак авлод ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби ҳаётий масалаларни қамраб олган.
Конституциявий ислоҳотларни бевосита халқ билан бамаслаҳат амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Парламентининг палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди.
Конституциявий комисиясининг маълумоти бўйича, шу кунгача ҳаётимизнинг турли жабҳаларини қамраб олган 150 мингдан зиёд турли таклиф-мулоҳозалар келиб тушган ва таклифлар келиши ҳануз тўхтамаяпти. Куюнчак халқимизнинг турли қатламларидан келган таклифлар юртимида мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни қонун йўли билан ҳал этиш имкониятини берди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга олиб чиқишдан олдин унинг чинакам халқчиллигини таъминлаш мақсадида халқ билдирган таклифларни ва уларда акс этган муаммоли масалаларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, қолаверса, халқимиз ибораси билан айтганда “етти ўлчаб, бир кесиш” учун мазкур сиёсий-ҳуқуқий жараёнда шошмаслик ташаббуси билан чиқди.
Давлатимиз раҳбари мукаммал ва халқчил Конституция яратиш учун «шошилишнинг ҳожати йўқ”, деб айтганларининг сабаби, фикримча, қуйидагилар билан изоҳланади.
Авваламбор, ҳозирда фуқаролармиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда амлга оширилаётган ислоҳатларнинг бевосита иштирокчисига айланган. Бугун жамиятимизда эркин фикр билдириш, очиқ мулоқот муҳити шаклланган. Мазкур фикрни Конституциявий қонун лойиҳасига келиб тушган минг-минглаб таклифлар ва уларжа билдирилган фикр-мулоҳазалар моҳиятан турли-туман экани исботлаб турибди.
Конституция лойиҳасини янада чуқурроқ қайта кўриб чиқишдан кўзланган яна бир бош мақсад – ўз фикр-мулоҳазаларини билдираётган, Конституциямиз ҳақида қайғураётган фуқароларнинг таклифларини бирма-бир ўрганиш, уларнинг бирортасини ҳам эътиборсиз қолдирмаслик.
Негаки, аҳолимиз – ёшу кекса, жамиятда қандай раҳбарият бўлишидан қатъи назар, менинг Конституциям менинг ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қилсин, фаровон ҳаётимни таъминласин, деяпти. Шунинг учун, конституциявий комиссия 1 августдан кейин – Конституцивий қонун лойиҳаси муҳокамаси тугаллангандан сўнг ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ҳозиргача комиссияга яна 2500 га яқин таклиф ҳам келиб тушди.
Билдирилган таклифлар, нима учун қабул қилингани ёки нима учун инобатга олинмаганлиги юзасидан ҳар бир фуқарога жавоб бериш лозим бўлади. Бинобарин, ҳар томонлама мукаммал, халқчил, одамларнинг муаммолари ечимига кафолат бўла оладиган конституцияни яратиш учун халқ билан бамаслаҳат иш олиб бориш керак. Токи, ҳар бир фуқаро бу менинг Конституциям, унинг муаллифи – биз, деб айта олсин.
С.Жўраев, Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори,
сиёсатшунослик фанлари доктори