Наманганда «Маданият карвони” ва “Маънавият фестивали” тадбирлари давом этмоқда
«Маданият карвони» ва «Маънавият фестивали» барчани эзгу мақсад йўлида бирлаштирмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Маданият карвони” ҳамда “Маънавият фестивали” бугунга келиб кўпчиликнинг қалбидан жой олди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Ҳар бир ҳудудда 150 нафардан ортиқ олимлар, зиёлилар, ижодкорлар, санъат аҳли, киноактёрлар энг чекка қишлоқ, маҳаллаларда бўлиб, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашмоқда. Уларнинг дарду ташвишлари, қувонч-у ютуқларига шерик бўлишиб, ҳамдард-у ҳаммаслак бўлаётгани аҳолининг кайфиятини кўтараётгани ҳам рост гап. Айтиш керакки, бунда юртдошларимиз орасида ўзаро меҳр ришталари боғланмоқда, юракларга эзгулик куртакларини қадамоқда. Зеро, одамлар қалбида юксак инсоний фазилатлар, илм-маърифат, меҳр-саховат, ҳамжиҳатлик, бирдамлик каби туйғулар куртак ёзганининг ўзи маънавиятдир.
Ана шундай ҳаётбахш мақсадларни кўзлаган “Маданият карвони” ва “Маънавият фестивали”нинг навбатдаги манзили Наманган вилояти бўлди. Куни кеча 200 нафарга яқин зиёлилар, актёрлар, шоир ва ёзувчилар Поп туман темирйўл вокзалига етиб келишди, тарғиботчилар тантанали равишда кутиб олинди.
Фестивалнинг дастлабки куни “Китоб карвони” лойиҳаси амалга оширилди. Китобхонлик маданиятини ошириш, ёш авлодда мутолаага бўлган иштиёқ ва меҳрни юксалтириш мақсадида жаҳон ва миллий адабиётимиз дурдоналаридан иборат 8 мингдан зиёд китоблар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари томон йўл олди.
Тадбир давомида қатор танловлар совриндорлари тақдирланиб, уларга китоблар жамланмаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг фестивал иштирокчилари “Меҳр-мурувват ва саховат” лойиҳаси доирасида Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилоят филиалида бўлиб, ҳар бир бемор билан дилдан суҳбатлашишди. Мазкур шифохонада даволанаётган инсонлар севимли ижодкор-у санъаткорларининг кутилмаган ташрифларидан бағоят хурсандлигини билдиришди. Шунингдек, тадбир давомида шифохона кутубхонасига ҳамда беморларга Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан китоблар жамланмалари совға қилинди. “Инсон қадри”лойиҳаси давомида ҳам меҳрталаб инсонларга қувонч улашиш билан фестивал давом эттирилди. Давлатобод туманидаги Саховат уйида яшаётган кексалар ҳолидан хабар олинди, тарғиботчилар муассасада яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Кун давомида “Маърифат тур” лойиҳаси доирасида иштирокчилар Яккатом маҳалласида жойлашган “Хўжакалон Абдулмоний” зиёратгоҳида бўлди. Улар қадим Ахсикентга оид топилган осори-атиқалар жамланган музей фаолияти билан танишдилар.
“Маданият карвони” ҳамда “Маънавият фестивали”нинг иккинчи куни маънавий ҳаётимизни янги босқичга кўтаришга, авваломбор, жойлардаги тарғиботчиларни жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишни мақсад қилган “Зиёлилар форуми” билан бошланди. Форумда сўзга чиққанлар тарғиботчилар етук, салоҳиятли ва ҳар томонлама илғор бўлмаса, ҳаётда, амалда тескари ҳаракат қилса, — ундан ортиқ ёмонлик йўқлигини таъкидлашди. Шунингдек, тадбир давомида “Маънавият. Асосий тушунчалар луғати” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Уйчи туманида эса оилавий ажралишларни олдини олиш, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларини тарғиб этиш, жойларда вояга етмаганлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари ва тазйиққа учраган хотин-қизларга психологик кўмак беришга қаратилган “Оила – маънавият қўрғони”лойиҳаси бўлиб ўтди. Лойиҳа давомида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга ҳаракат қилинди, шунингдек, тумандаги ибратли оила вакиллари “Ибратли оила”, “Намунали қайнона”, “Оқила келин” номинациялари бўйича тақдирланди.
Наманган вилоят мусиқали драма театрида “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китобининг тақдимоти ҳамда “Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри!”лойиҳасининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоятда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Қаҳрамонлари Халичахон Мирзаева, Айшахон Қўчқорова, Абдураим Хомидовлар тақдирланиб, уларнинг ҳаёт йўли, фидойиликлари келажак авлод учун намуна бўлиши таъкидланди. Қаҳрамонларга кўрсатган матонати учун ташаккур изҳор этилди. Тақдимот давомида вилоятнинг энг фаол, интилувчан, истеъдодли ёшлари ҳамда уларнинг ота-оналари Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан тақдирланди. Барчага намуна бўла оладиган фарзандларни улғайтираётган ота-оналарга алоҳида миннатдорчилик билдирилиб, бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатилди.
Наманганликлар, айниқса, Кинематография агентлиги томонидан амалга оширилаётган “Кинокарвон” лойиҳасини катта қизиқиш билан кутиб олишди. Кинокарвон доирасида маҳаллаларда “Талваса”, “Муҳаббат баҳори”, “Аёл қалби”, “Бир кунлик тўй”, “101 рейс”, “Мерос”, “Пулинг бўлса”, “Аёл қисмати”, “Барон 2. Соғинч” ва “Ватан остонасида” каби 15 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг намойишлари ўтказилмоқда. Эътиборли жиҳати эса, мазкур тадбирларда 20 нафардан ортиқ элимиз суйган санъаткорлар ҳамда киноижодкорлар иштирок этиб, ижодий учрашувлар давомида киноихлосмандлари актёр ва актрисалар билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлмоқда.
Бугун “Маданият карвони”нинг навбатдаги манзили Наманган шаҳар Давлатобод туманида янги барпо этилган намунали 46-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Зукко Болажон фотоалбоми тақдимоти бўлиб ўтди.
“Маданият карвони” ҳамда “Маънавият фестивали” доирасидаги тадбирлар изчил равишда узвий лойиҳалар асосида давом эттирилади.
Наманган шаҳридаги Баркамол авлод спорт мажмуасида маънавий-маърифий тизимда фаолият юритаётган соҳа ходимлари, мутахассислар, тарғиботчилар иштирокида “Маънавият кубоги” ўтказилди.
Унда спорт турларининг минифутбол ҳамда стол тенниси бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида мусобақада ғолиб бўлганлар Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан эсдалик совғалари ва диплом билан тақдирланди.