Бир неча тиббиёт муассасасида япон менежментини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди
Cоғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Такаши Хатори билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз борди.
Юртимизда соғлиқни сақлаш тизими бўйича Япония билан ҳамкорликда қатор қўшма лойиҳа ва дастурлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, JICA ташкилоти грант ҳамда кредитлари асосида Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш, жиҳозлаш, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш каби йирик лойиҳалар рўёбга чиқариляпти.
– Япон мутахассислари юртдошларимиз билан ўз тажрибаларини ўртоқлашиб келяпти. Чунончи, кунчиқар мамлакатнинг 150 нафардан ортиқ вакиллари юқумли касалликлар профилактикаси бўйича Ўзбекистонда иш олиб борди. Шунингдек, 200 нафардан зиёд тиббиёт ходимларимиз у ерда малака ошириб қайтди.
– Бундан ташқари, JICA билан биргаликда Ўзбекистон тиббиёт муассасаларига Япониядан кўнгиллиларни жўнатиш доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
– Умуман, Япония Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб, икки давлат ўртасида тиббиёт илм-фани, кадрлар тайёрлаш, касалликлар муолажаси ва профилактикаси, коронавирусга қарши курашиш каби қатор йўналишларда самарали алоқалар мустаҳкамланмоқда.
-Бугунги мулоқот давомида ушбу муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон томони бир неча таклифларни илгари сурди.
– Жумладан, соғлиқни сақлашни бошқариш, тиббиёт инжиниринги, ахборот технологиялари ва тиббий суғурта тизими йўналишларида тажриба алмашиш учун қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларини ишлаб чиқиш, тегишли тиббиёт олий ўқув юртлари, коллежлари ва шифохоналарни танлаб олиб, уларга япон тиббий менежментини жорий қилиш орқали кунчиқар мамлакатнинг самарали ютуқларини татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
-Шунингдек, Японияда икки давлат мутахассислари иштирокида тиббиёт, илм-фан ва фармацевтика соҳаларини ривожлантиришга қаратилган Форум ўтказиш таклифи ўртага ташланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.