Конституция: Президент билан бирга ҳокимларнинг муддати ҳам ноллаштирилиши кутилмоқда
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати қуйи палата қабул қилган янги таҳрирдаги конституцияга оид 30 апрелга белгиланган умумхалқ референдуми бўйича энг охирги босқични маъқуллади.
14 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда 83 сенатордан 80 нафари “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказишни маъқуллаб овоз берди.
Овоз бериш натижаларига кўра, фақат бир сенатор бетараф қолган, 2 нафари овоз бериш жараёнида иштирок этмаган.
9-10 март кунлари қонун дойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган, Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдумни шу йилнинг 30 апрелида ўтказиш таклиф қилинганди.
Аммо умумхалқ референдумига қўйилиши кутилаётган янги таҳрирдаги конституция матни ҳозиргача ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ. Референдум тўғрисидаги қонунга биноан лойиҳа матни энг кеч бир ярим ой олдин эълон қилиниши керак - бу муддат тақвимга кўра, 15 мартдан бошланиши керак. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар "Конституция қани?" деган саволларни беришмоқда.
"65 фоизга" янгиланаётган конституция
13 март куни Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳаси амалдаги Конституция, Ўзбекистоннинг бошқа ҳамма қонунлари ва халқаро ҳужжатларга тўлиқ мос келишини таъкидлаган. Судьялар Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказишга тўсқинлик қилувчи омилларга дуч келинмаганини қайд этишган.
Қуйи палата мажлисида асосий маърузачи бўлган депутат Жаҳонгир Ширинов Конституциявий қонун лойиҳаси Сенатнинг референдум ўтказиш бўйича тегишли қарори қабул қилинган кундан кейин уч кун ичида матбуотда ва бошқа ОАВда эълон қилинишини билдирган эди.
Киритилаётган ўзгартишлар натижасида Ўзбекистон Конституцияси 65 фоизга ўзгариши, Асосий қонун таркибига 27 та янги модда қўшилган ортидан моддалар сони 155 тага чиқиши айтилган.
Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ўтган йилнинг 26 июнида муҳокамага қўйилганди. Лойиҳа бўйича муҳокама муҳлати бир неча бор турли сабаблар билан узайтирилган.
Конституцияга киритилаётган ўнлаб ўзгаришлар орасида Бош қомуснинг Қорақалпоғистонга оид 5 моддаси ҳам борлиги норозиликлар асносида жамоатчиликка маълум бўлди.
Аксар таҳлилчилар ҳукумат Конституцияга ўзгартиришлар киритишга оид референдумни аввалига Нукус воқеалари сабаб қолдирган бўлса, кейинчалик энергетик тақчиллик боис аҳоли орасидаги норозилик кайфияти ҳукуматни референдумни кечиктиришга ундаган бўлиши мумкин, деган фикрда.
Аммо референдумдан кўзланган асл мақсад борасида оддий ўзбекистонликлар ва таҳлилчилар якдил - мақсад амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг учинчи муддат президентлигига йўл очиш.
Уларга кўра, референдум орқали Конституцияни янгилаш амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг иккита муддатини “ноллаштириб”, унга учинчи муддатга президентликка номзодини қўйишга йўл очади.
Бу фикрни Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам ўз баёноти билан тасдиқлаган.
"Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради", деган эди сенатор Сафоев.
Муддатлар ноллаштирилади
Қонунчилик палатаси ва Сенатдаги муҳокамаларда конституциянинг президент ваколатлари ва муддати тўғрисидаги 90-моддаси тилга олинмади. Ўтган йили эълон қилинган лойиҳада президентлик муддатини ҳозирги 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклиф қилинганди.
Парламентнинг юқори ва қуйи палатаси мулозимлари конституциянинг айни моддаси бўйича бирон изоҳ бергани йўқ.
Конституциявий қонуннинг 7-бандига мувофиқ, президент билан бирга вилоят ва туман ҳокимлари дохил яна саккиз лавозимга сурункали икки муддатдан ортиқ сайланиш ёки тайинланиш мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Булар:
Қонунчилик палатаси спикери;
Сенат раиси;
Ўзбекистон президенти (амалдаги Конституцияга мувофиқ);
Вилояти, туман ва шаҳарларнинг маҳаллий кенгашлари раиси;
ҳоким;
Олий суд раиси ва унинг ўринбосарлари;
Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосарлари;
Марказий банк раиси;
бош прокурор.
Аммо 14 март кунги ялпи мажлисда сўзга чиққан сенатор Наримон Умаровнингизоҳ беришича, ушбу чеклов ҳозирда жорий лавозимларни эгаллаб турган шахсларнинг муддатларига тааллуқли бўлмайди. Бу амалда президентнинг муддати билан бирга, ҳокимлар ва бошқа амалдорларнинг муддатлари ҳам ноллашади, дегани.
Амалдаги конституциянинг 101-моддасида Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколат муддати 5 йил қилиб белгиланган.
Айни пайтда "бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас" деган банд амалдаги конституциянинг 90-моддасида мавжуд. Ҳозирда бунинг нега ўзгартиш сифатида тақдим қилинаётгани сабабига расмий изоҳ берилгани йўқ.
Амалдаги конституциянинг 90-моддаси:
"Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади.
Мирзиёевнинг ўзи ҳозирга қадар ўз муддатининг ноллаштирилиши ва учинчи муддат президентлик билан боғлиқ режалари тўғрисида ҳеч нарса демаган.
Расмийлар конституциявий ўзгаришларни Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан бошланган ислоҳотларни давом эттириш йўлидаги муҳим қадам, дея тақдим этишмоқда.
Аммо таҳлилчилар ҳозиргача бу ислоҳотлар асосан, ижтимоий ва иқтисодий соҳалар билан чеклангани, сиёсий соҳада жиддий ислоҳотларга қўл урилмаганини айтишади. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда кучли президент бошқарувига асосланган авторитар тузум сақланиб қолаётганини таъкидлайдилар.