Навоийда ўқувчи қиз кўп миқдорда дори ичди, у реанимацияда
Ижтимоий тармоқлар орқали жорий йилнинг 12 апрель куни “Навоийда мактабдаги жанжалдан сўнг ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилди 17 ёшли ўқувчи бир дона игнани ютиб, кетидан кўп миқдорда дори ичгани, айни пайтда кома ҳолатида экани айтилмоқда” номли хабар тарқатилган.
Аниқланишича, Хатирчи туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг бирида ўқиётган, вояга етмаган С.А жорий йилнинг 07 апрель куни соат 14:10 ларда яшаш ҳовлисида кўп миқдорда дори истеъмол қилиб, соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб келинган.
Беморнинг аҳволи оғирлашганлиги учун, у Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалининг “Жонлантириш” бўлимига кўчирилган. Бугунги кунда бемор кома ҳолатида бўлиб, шифокорлар томонидан унга даво муолажалари олиб борилмоқда.
Хатирчи туман прокуратураси томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.