Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳлар бюджет ҳисобидан ёки ДХШ асосида қурилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бюджети ҳисобидан ёки давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Низом давлат бюджети ҳисобидан ёки давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш ва уларни тайёр бизнес сифатида тадбиркорлик субъектларига автотураргоҳ профилини ўзгартирмаслик шарти билан сотиш тартибини белгилайди.
Тошкент шаҳри ҳудудида автотураргоҳлар қурилишига ер участкалари қуйидаги мезонларга мувофиқ танланади:
а) шаҳарга автомототранспортнинг асосий кириб келиш автомагистралларга;
кун давомида аҳоли гавжум бўладиган савдо, спорт, дам олиш ва кўнгилочар мажмуаларига ҳамда олий таълим муассасаларига;
аҳоли учун иш ўринлари кўп миқдорда концентрациялашган ишлаб чиқариш объектларига;
аҳоли учун чиқиб кетишга мўлжалланган аэропортлар, темирйўл вокзаллари, автовокзаллар ва шаҳардан ташқаридаги манзилларга элтувчи такси тураргоҳларига яқин бўлиши;
б) автотураргоҳлар жойлаштирилиши йўл ҳаракати хавфсизлигига зид бўлмаслиги.
Автотураргоҳлар танланган ер участкаларида шаҳарсозлик, ёнғин хавфсизлиги, экология ва санитария-гигиена талабларига мувофиқ жойлаштирилади.
Автотураргоҳлар қурилиши учун бўш ер участкалари назарда тутилган ҳудудларда Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қурилиш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органлари, “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан жойига чиққан ҳолда аниқланади.
Автотураргоҳлар қурилиши учун аниқланган бўш ер участкаларида “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси билан биргаликда жойлаштириш плани тайёрланади ва YERELEKTRON автоматлаштирилган ахборот тизими орқали Кадастр агентлигига юборилади.
Автотураргоҳлар қурилиши учун аниқланган бўш ер участкалари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентда белгиланган тартибда автотураргоҳлар қурилиши учун белгиланган ваколатли ташкилотга ажратилади.
Кўп қаватли автотураргоҳлар учун ер майдонини ажратишдан олдин белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилади ҳамда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига қатъий риоя этилиши юзасидан давлат назорати ўрнатилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган автотураргоҳларни давлат шериги томонидан ижарага бериш шаклида амалга оширилади.