Путин Сердар Бердимуҳаммедовни парадга таклиф қилди
Россия ва Туркманистон президентлари Владимир Путин ва Сердар Бердимуҳамедов телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Туркманистон ҳукуматининг “Нейтрал Туркменистан” газетаси, дея ёзмоқда «kommersant».
Айтилишича, жаноб Бердимуҳамедов Москвада Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларига таклифнома олган. Унинг Россия пойтахтига келиш нияти бор-йўқлигига аниқлик киритилмаган.
Телефон суҳбати 7 май куни бўлиб ўтган. Кремль музокаралар ҳақида хабар бермади. Фурсатдан фойдаланиб, Россия Федерацияси раҳбари туркманистонлик ҳамкасбини Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этишга таклиф қилган.
Хабарда келтирилишича, музокаралар чоғида жаноб Бердимуҳамедов ва жаноб Путин икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни муҳокама қилган. Туркманистон раҳбари Россия президентига ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Путин шерикликни чуқурлаштириш бўйича аввал имзоланган декларация муносабатларни ривожлантириш манфаатига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Садир Жапаров парадда иштирок этиш учун Москвага келди. У тадбирда бошқа давлатнинг ягона раҳбари бўладими ёки йўқми номаълум. Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни ҳам парадга таклиф қилган.
2022 йилда Владимир Путин Ғалаба куни учун хорижий давлатлар раҳбарларининг ҳеч бирини Москвага таклиф қилмади. Кейин Дмитрий Песков «бу юбилей санаси эмас», деб тушунтирди. Имомали Раҳмон 2021 йилги парад учун Москвага келган ягона хорижий давлат раҳбари эди.