20 ёшли йигит вояга етмаган қизлар билан эр-хотин бўлиб яшаб келаётгани маълум бўлди
Бу ҳақда «Darakchi.uz» Олий суд матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 21 ёшли йигитга нисбатан Жиноят кодексининг кўп хотинли бўлиш ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш моддалари бўйича иш кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.
2002 йилда туғилган судланувчи А.Т. 2004 йилда Қарши шаҳрида туғилган вояга етмаган Г.Ғ.га 16 ёшга тўлмаганини билган ҳолда эр-хотин бўлиб яшашни таклиф қилган. Қизнинг розилиги билан улар 2019 йил декабрь ойидан шу кунга қадар эр-хотин бўлиб яшаб келган, ҳозирда 1 нафар фарзандлари бор.
У 2006 йилда Қарши шаҳрида туғилган вояга етмаган Э.Э.га турмуш қуришни таклиф қилган ва унинг розилиги билан 2022 йилнинг августидан декабрига қадар ўз хонадонида бирга яшаган. шундай қилиб судланувчи бир хонадонда икки аёл билан яшаган.
Судланувчининг бу ҳаракатлари Жиноят кодексининг 126-моддаси 1-қисми (Кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш) ва 128-моддаси 3-қисми «а» банди (Такроран 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш)да кўрсатилган жиноятларни содир қилган, деб топилган.
Судланувчи А.Т. судда қилмишидан пушаймонлиги, иккала оиласи билан уларнинг розилиги асосида яшагани, жабрланувчилардан кечирим сўрашини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўраган.
Унинг биринчи аёли Г.Ғ. ҳам судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчига нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бунда унинг кеч соат 23:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар яшаш уйидан чиқиши чекланган.