Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар амалга оширилади. Бугун Қурбон ҳайити байрами муносабати билан дам олиш куни бўлганлиги учун республика бўйлаб сайлов участкалари соат 11:00 дан муддатидан олдин овоз бериш учун очилди.
Сайлов кодексининг 57-моддасида муддатидан олдин овоз бериш тартиблари ифодаланган бўлиб, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланиб, сайловга уч кун қолганида тугалланади.
Қонунчиликка кўра, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади.
Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.
Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида яширин овоз бериш тамойилларига тўлиқ амал қилинади. Жумладан, сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади ва ёпиқ конвертда қолдирилади. Конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзоси имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.
Сайлов куни овоз бериш тугагач, участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари комиссия аъзолари билан биргаликда муддатидан олдин овоз бериш бюллетенлари солинган ёпиқ конвертларни сайлов қутисига ташлайди. Шу тариқа муддатидан олдин овоз бериш натижалари якуний саноқ жараёнига қўшилади.
Эслатиб ўтамиз, муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 2023 йил 5 июль куни якунланади.