Францияда тартибсизликлар бошланганидан бери 2,4 минг киши ҳибсга олинди
Франция полицияси ва жандармлари мамлакатда тартибсизликлар бошланганидан бери 2,4 мингга яқин одамни ҳибсга олди. Бу ҳақда француз оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Маълумотларга кўра, Францияда 28 июнга ўтар кечаси 31 киши, 29 июнь куни 182 киши, кейинги куни 875 киши ва 1 июль куни 1311 киши ҳибсга олинган. Мамлакат бўйлаб жами 2399 киши ҳибсга олинган.
1 июлга ўтар кечаси Франция расмийлари 30 июнга ўтар кечасидагидан кўра кўпроқ куч ишлатган. Хусусан, кўчаларда хавфсизликни таъминлашга 45 минг нафар полициячи жалб қилинган. Бундан ташқари, расмийлар миллий жандармнинг 18 та бронетранспортёрдан иборат зирҳли гуруҳидан фойдаланишга қарор қилган.
Безорилар билан тўқнашувда 79 нафар полициячи ва жандарм яраланган. Шунингдек, кеча тунда 1350 та автомобиль ёқиб юборилган, 234 та бино зарар кўрган.
Шанбага ўтар кечаси энг йирик тартибсизликлар Марсель, Лион, Сен-Этьен, Тулуза, Бордо, шунингдек, Сен-Денида бўлиб ўтган.