Ўзбекистонда давлат ва хусусий ташкилотларда қанча ходимлар ишлаётгани айтилди
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 1-июл ҳолатига хусусий ва давлат ташкилотларида расмий банд бўлган ўзбекистонликларга оид маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда жами ишга жойлашган ходимлар сони 5,5 млнни ташкил этиб, 553,7 мингтаси бандлик бўлимлари орқали (2022-йилнинг 3-мартидан бошлаб), 4,9 млни мустақил равишда ишга жойлашган. Давлат ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар сони 2,2 млнни, хусусий секторда эса 3,3 млнни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, давлат ва нодавлат секторда 70,8 мингдан ортиқ имконияти чекланганлар, 601,7 мингдан ортиқ пенсионер ходимлар фаолият юритмоқда.
Ишловчи талабалар сони 110,9 мингни ташкил этиб, шундан 57%и давлат секторида, 40%и нодавлат секторда ҳамда қолган 3%и иккала секторда ҳам ишлашади.Иқтисодий фаолият турлари бўйича таълим соҳасида фаолият юритаётган ходимлари сони 1,2 млнни ташкил этиб, бошқа соҳаларга нисбатан энг юқори кўрсатни қайд этган.
Ундан кейинги ўринларда ишлаб чиқарувчи саноат (979,8 минг), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (761,5 минг) соҳалари етакчилик қилмоқда.
Ягона миллий меҳнат тизими орқали рўйхатдан ўтган иш берувчилар сони 753,5 мингни, жисмоний шахслар сони 5,5 млнни ҳамда жами вакант иш ўринлари сони 305,5 мингни ташкил этади.