Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво массаси кириб келмоқда
Ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича об-ҳаво юқори барик ўркач ривожланиши ва Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши билан белгиланади, деб хабар бермоқда Узгидромет.
Ҳаво ҳарорати кундан-кунга кўтарилади. Ҳудуднинг катта қисмида иссиқ об-ҳавонинг чўққиси ҳафтанинг ўрталарига тўғри келади. 12−13 июл кунлари кундузги ҳаво ҳарорати +40…+42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +43…+45 даражагача кўтарилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг шимолида 11−12 июл кунлари энг юқори ҳарорат +43…+45 даража бўлиши кутилмоқда.
Кучли иссиқ қисқа муддат кузатилади. 13-июлда Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида, 14-июлда республиканинг барча ҳудудларида атмосферадаги жанубий оқимлар ғарбий оқимларга ўзгаради ва ҳаво ҳарорати +33…+38 даражагача, жанубда +40 даражагача пасаяди. Бундай ҳарорат фони дам олиш кунларида ҳам сақланиб туради.
Ушбу ҳафта давомида республиканинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво кам булутли ва асосан қуруқ бўлиши кутилмоқда.
10−12 июлда шимолда ва чўл ҳудудларда, 13−14 июл кунлари республика бўйича шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида 10−14 июл кунлари асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол тезлиги асосан кучсиз бўлади, 14-июлда 10−12 м/с гача кучайиши мумкин. Бугун кундуз куни ҳарорат +37…+39 даража бўлади, 11−13 июлда ҳарорат аста-секин кўтарилади ва 12−13 июл кунларига келиб +39…+42 даражагача, 14-июлда +36…+38 даража бўлади.