Душанбеда Абдулла Арипов ва Тожикистон ҳукумати ўртасида учрашув ўтказилди
Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Бош вазирлар Абдулла Арипов ва Қоҳир Расулзода бошчилигида ўтган йиғилишда Олий даражада эришилган келишувларнинг ижро ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ўртасида ўрнатилган дўстона ва ишончли муносабатлар ривожланишнинг мутлақо янги динамикасига эга бўлган икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда, дейилади хабарда.
Учрашувда давлатлар раҳбарлари икки мамлакат ҳукуматлари олдига кун тартибини янги лойиҳалар билан тўлдириш вазифасини қўйганлиги таъкидланган.
Томонлар мазкур вазифага биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришиш мумкинлигини қайд этган.
Таъкидланишича, икки давлат президентлари ўзаро савдо кўрсаткичлари ҳажмини келгусида 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифа қўйган.
Учрашувда маълум қилинишича, “Ойбек” – “Фотехобод” ўтказиш пунктларида “Ўзбекистон – Тожикистон” халқаро чегара савдо зонасини ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланган.
Шунингдек, делегациялар саноат кооперациясини кенгайтириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш, транспорт ва логистика масалаларидаги ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.