Юртимизда ҳафта давомида қандай об-ҳаво кузатилиши прогноз қилинди
Ўзгидромет янги ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.
Синоптиклар маълумотларига кўра, ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ўртача иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундуз кунлари ҳаво +35…+40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +42 даражагача исийди.
Ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг тоғли ҳудудларида 1 август куни қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
31 июль ва 1 август кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 3-4 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
Дам олиш кунлари эса ҳарорат фони бироз пасайиши кутилмоқда, кундузги ҳарорат +33…+38 даража атрофида бўлади.
Пойтахтда ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 3−6 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 8−10 м/с гача кучаяди. Ҳарорат 31 июль — 4 август кунлари +38…+40 даража атрофида бўлади.