Тошкентдан Иссиқкўлга кунлик автобус қатнови йўлга қўйилди
0
Uzautotrans Service корхонаси томонидан йўлга қўйилган ушбу қатновлар 11 июндан бошлаб амалга оширила бошлади. Автобуслар ҳар куни Тошкент шаҳридаги марказий автовокзалдан соат 15:00 да йўлга чиқади. Мазкур йўналишда Yutong русумидаги кондиционер ва қулай ўриндиқларга эга автобуслар хизмат кўрсатади.
Чипталарни фақат автовокзалдан эмас, балки онлайн тарзда ҳам сотиб олиш мумкин. Бундан буён йўловчилар avtoticket.uz сайти, ATTO ва UzBus мобил иловалари орқали уйдан чиқмаган ҳолда чипта банд қилиб, тўловни амалга ошириш имконига эга бўлади. Бундай қулайлик, албатта, мавсумий саёҳатчилар учун катта енгиллик бўлади.
Чипта нархи – 300 000 сўм, йўлдаги хавфсизлик ва қулайлик эса стандарт талабларга тўлиқ жавоб беради.
Иссиқкўл қирғоқларида чўмилиш, табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, дам олиш масканларидаги кенг танлов ва мусаффо ҳаво – буларнинг барчаси сайёҳлар учун узоқ вақт эсда қоладиган хотираларга айланиши шубҳасиз.
