Ташқи хавфсизлик сабабли Самарканд–Исроил рейси бекор қилинди
0
Хусусан, Тел-Авивдаги Бен-Гурион халқаро аэропорти ҳамда унга туташ ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши туфайли 15 июн санасига режалаштирилган 9С 501/502 Самарқанд–Тел-Авив–Самарқанд рейси амалга оширилмайди.
Авиакомпания бошқа саналарга белгиланган қатновлар бўйича алоҳида ахборот берилишини билдирган. Шунингдек, бекор қилинган рейс йўловчилари электрон почта орқали ёки чипталарни сотиб олган сайёҳлик агентликлари ва кассаларда хабардор қилинмоқда.
Агар сиз ушбу рейс учун чипта харид қилган бўлсангиз, икки имконият мавжуд:
- Тўлиқ тўловни қайтариб олиш;
- Ёки парвозни бошқа санага кўчириш.
Айни вақтда минтақадаги геополитик танглик сабаб бошқа бир қатор авиарейслар ҳам бекор қилинган. Жумладан,
Эронга туташ ҳаво ҳудудининг ёпилиши оқибатида 13 июн куни қуйидаги рейслар амалга оширилмайди:
- Fly Dubai авиакомпаниясининг Дубаи–Тошкент–Дубаи йўналиши бўйича ФЗ-1945/1946 рейслари;
- Air Arabia авиакомпаниясининг Шаржа–Тошкент–Шаржа йўналиши бўйича Г9-270/271 рейслари;
- Asia Union авиакомпаниясининг Тошкент–Мадина–Тошкент йўналиши бўйича 7Қ-141/142 рейслари.
Мутасаддилар фуқароларни чипталар билан боғлиқ масалаларда ўз вақтида ахборот олиш учун авиакомпаниялар ва агентликлар билан бевосита боғланишга чақирмоқда. Шу билан бирга, яқин кунларда минтақавий авиаҳаракат бўйича қўшимча маълумотлар берилиши кутилмоқда.