Фудзига олиб чиқувчи магнитли трамвай японияликлар ечимига айланди!
0
The Asahi Shimbun нашрининг ёзишича, Яманаси ҳукумати турли жамоат транспорти вариантларини — хавфсизлик, иқтисодий самарадорлик, ташриф буюрувчилар сонини бошқариш имконияти, қулайлик ва табиатга таъсир даражаси бўйича чуқур таҳлил қилган.
Танлов якунида энг мақбул ечим сифатида рельссиз, резина ғилдиракли трамвай қабул қилинди. “Фудзи трамвайи” деб номланган ушбу транспорт воситаси махсус асфальтланган йўллар орқали ҳаракатланади ва магнит маркерлар орқали йўналтирилади. Бундай ечим манёвр қилиш имкониятини чекласа-да, ҳаракатни аниқ ва хавфсиз амалга оширишда муҳим омилга айланади.
Трамвай тоғ этагидан бошлаб, денгиз сатҳидан 2300 метр баландликда жойлашган 5-бекатгача қатнов қилади. Йўл Фудзи тоғининг шимолий томонидаги энг гўзал манзаралардан — жумладан, Кавагучико кўли яқинидан ўтади.
Мутахассислар таъкидлашича, бу транспорт тури кўплаб афзалликларга эга: у кам углерод чиқарувчи, шовқин даражаси паст, хавфсизлик юқори ва маҳаллий табиатга мослаштирилган. Энг муҳими — туристлар оқимини тартибга солишда самарали восита бўлиши кутилмоқда.
Янги транспорт йўлга тушгандан сўнг, Фудзи-Субару трассасидан бошқа шахсий ва жамоат автомобиллари фойдаланиши тақиқланади. Бу чора орқали экологик изни камайтириш, йўллардаги тирбандликни бартараф этиш ва Фудзи тоғини ҳимоя қилиш кўзда тутилмоқда.
Японияликлар томонидан ишлаб чиқилган мазкур инновацион лойиҳа нафақат транспорт соҳасида, балки экологик мувозанатни сақлашда ҳам илғор қадам бўлиши мумкин. Туризмни ривожлантириш билан бирга, табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бу каби ёндашувлар келажакда кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкин.