КХДРда улкан соҳилбўйи курорти ишга тушди, янги туристлар интиқликда
0
Янги курорт ҳудудида юзлаб объектлар барпо этилган: 20 минг ўринли марказий меҳмонхона, қатор кичикроқ меҳмонхоналар, замонавий аквапарк, спорт майдончалари, маданият ва кўнгилочар марказлар, катта савдо комплекслари ҳамда барча қулайликларга эга аэропорт фаолият юритмоқда. “КХДРда миллий туризм модели” деб номланган мазкур лойиҳа, нафақат ички, балки халқаро туристларни ҳам жалб этишга қаратилган.
Курорт мавсумга боғлиқ бўлмаган ҳолда, расман 1 июлдан меҳмонларни қабул қила бошлайди. Яна бир эътиборли жиҳат: янги курорт бир вақтнинг ўзида 100 минггача меҳмонга хизмат кўрсата олади. Бу эса минтақада туризм ривожига катта туртки бўлиши аниқ. Шимолий Корея учун бу лойиҳа саноат, инфратузилма ва хизмат соҳаларида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.
Мажмуадаги сузиш мавсуми одатда июннинг ўрталаридан сентябрь ойининг ўртасигача давом этади. Аммо, ҳудудда мавжуд турли спорт ва маданият объектлари туфайли, йил давомида меҳмонлар оқими узилмаслиги кутилаяпти. Лойиҳа тўлиқ давлат раҳбари назоратида қуриб битказилгани, унинг мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Экспертлар фикрича, ушбу курорт мамлакат иқтисодиёти ва имиджини янги босқичга олиб чиқиши, минтақавий рақобатда янги ўрин эгаллаши мумкин. Шимолий Кореянинг илк туризм “қалъаси” сифатида Вонсан курорти энди дунё туристлари эътиборини торта олади, деб кутилмоқда.