Юрген Клопп: Жаҳон чемпионатининг янги формати футболчилар саломатлигига таҳдид солмоқда
0
Клопп интервью давомида, янги формат туфайли футболчиларнинг дам олиш имконияти йўқолиб, улар руҳан ва жисмонан тугаш арафасида эканини очиқ тан олди. “Мен бу турнирдан катта пул ишлаш мумкинлигини тушунаман, аммо бу барча клубларга ҳам тааллуқли эмас. Охирги йилларда Америка кубоги, Европа чемпионати, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ва кейинги йилда яна Жаҳон чемпионати бўлади. Бу эса футболчиларга узоқ муддат тикланиш учун имконият қолдирмайди”, деди у.
Мураббий NBA ўйинчиларини мисол қилиб келтирди — уларда йил давомида 4 ойлик таътил бўлишига эътибор қаратди. Клоппнинг таъкидлашича, “Ливерпуль” ҳимоячиси Виржил ван Дейк бутун фаолияти давомида ҳам шунчалик дам олмаган. Шунингдек, у ўз шогирдларидан ҳар бир ўйинга гўёки бу сўнгги баҳсдай ёндашиш талаб қилинишини, бироқ бу шундай давом этиши мумкин эмаслигини қўшимча қилди.
Клопп фикрича, яқин мавсумларда футболчилар орасида жароҳатлар сони кескин ортиши мумкин. “Мен буни ҳеч кимга тиламасдим. Қўрқаманки, келаси мавсум ёки Жаҳон чемпионати пайтида, эҳтимол, энг кўп жароҳатлар кузатилади”, дея хавотир билдирди у.
Мураббийнинг сўзларига кўра, унинг фаолияти давомида фақат бир марта — икки ҳафталик йиғинда барча футболчилар тўлиқ унинг ихтиёрида бўлган, шундан кейин эса бир йил давомида деярли ҳар уч кунда битта ўйин ўтказишга тўғри келган.
Юрген Клоппнинг бу чиқиши Европа ва дунё футбол жамоатчилигида жиддий муҳокамага сабаб бўлмоқда. Футболчиларнинг узоқ муддат самарали ҳаракат қилишлари учун дам олиш ва тикланиш имконияти зарурлиги яна бир бор кун тартибига чиқди. Индустриядаги пул ва талаблар футбол қадриятига салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини мутахассислар очиқ тан ола бошлади.
Футбол олами учун энг катта савол: янги формат келажакда спортчиларнинг ҳолати ва ўйин сифатига қандай таъсир кўрсатади? Яқин йилларда бу масалага жавоб аниқ бўлиши кутилмоқда.