Кобулда аёллар гўзаллик салонлари ёпиляпти
Афғонистон пойтахти Кобулда аёллар учун мўлжалланган гўзаллик салонлари оммавий равишда фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлмоқда. Бу жараён толиблар томонидан амалга оширилаётган қатъий текширувлар ва босимлар натижасида юз бермоқда, деб хабар берди Tolo News.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жангарилар шаҳар кўчаларини айланиб, биноларни бирма-бир текширмоқда. Агар гўзаллик салонини топишса, ички жиҳозларини бузиб, ҳатто айрим ҳолларда мусодара қилмоқда. Бу эса нафақат тадбиркорлар, балки минглаб аёллар учун ҳам катта иқтисодий ва маънавий зарба бўлмоқда.
Маълумотларга қараганда, Кобулдаги бундай салонларда қарийб 60 мингга яқин аёл доимий иш билан таъминланган эди. Улар орасида ёш қизлар, оиласига ёрдам берувчи аёллар ва кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар ҳам бор. Энди эса уларнинг кўпчилиги ишсиз қолди, турмуш шароити эса янада оғирлашиши мумкин.
Таҳлилчилар бу жараённи Толибоннинг аёлларни мамлакат ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидан босқичма-босқич четлатиш сиёсатининг бир қисми сифатида баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, бундай ҳаракатлар аёллар имкониятларини чеклабгина қолмай, Афғонистоннинг иқтисодий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Айни пайтда, маҳаллий фуқаролар ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу ҳолатни қатъий қоралаб, аёллар учун иш ва фаолият имкониятларини тиклаш зарурлигини таъкидламоқда. Аммо ҳозирги сиёсий вазиятда бу масала ечимини топиши қанчалик мумкинлиги ҳали ноаниқ.