"Барселона"да янги ички можаро: Гави ва Фермин ўртасида зиддият авж олди
"Барселона" клубида асосий дарвозабон Марк-Андре тер Штеген муаммоси ҳал бўлиши биланоқ жамоа ичида яна бир янги зиддият юзага келди. Испаниянинг нуфузли Sport нашри хабарига кўра, клубнинг икки ёш юлдузи — Гави ва Фермин Лопес ўртасидаги муносабатлар кескинлашган ва бу ҳолат ихтилоф босқичига етган.
Манбалар таъкидлашича, улар орасидаги тортишувнинг илдизи майдонда эмас, балки шахсий ҳаётда. Аниқроғи, икки футболчининг севгилилари ўртасида пайдо бўлган келишмовчилик муносабатларни янада таранглаштирган. Бу ҳолат натижасида Гави ва Фермин ўзаро масофа сақлай бошлашган ва муносабатларда совуқлик сезилаётгани айтилмоқда.
Яқинда Гави 21 ёшга тўлди, аммо ушбу муҳим санада Фермин Лопес уни табрикламади. Бу ҳаракатни шахсий ҳақорат сифатида қабул қилган Гави, клуб президенти Жоан Лапортанинг маслаҳатчиларидан бирига мурожаат қилиб, Ферминнинг жамоа муҳитига салбий таъсир кўрсатаётганини айтган ва уни трансфер рўйхатига қўйиш таклифини илгари сурган.
Фермин Лопес эса вазиятни ўзида сақламай, ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаси орқали ушбу можарони омма эътиборига ҳавола қилди. Унинг бундай очиқ ҳаракати жамоа ичидаги зиддият ҳақидаги миш-мишларни янада кучайтирди.
Мутолаҳазаларга кўра, агар клуб раҳбарияти бу можарони тез фурсатда ҳал этмаса, бу келгуси мавсумда "Барселона"нинг ички муҳити ва ўйин сифатига таъсир қилиши мумкин. Мухлислар эса ҳозир бу воқеанинг қай тарзда якун топишини катта қизиқиш билан кузатмоқда.