“Тоттенхэм”нинг Савио учун режаси “Сити” деворига урилиши мумкин
Англия Премьер-лигасида юқори поғоналарни эгаллашни мақсад қилган Лондоннинг “Тоттенхэм” клуби ёзги трансфер бозорида жиддий қадам ташлашга бел боғлади. Манбаларга кўра, “шпорлар” ўз таркибини кучайтириш мақсадида “Манчестер Сити” сафидаги ёш ва иқтидорли бразилиялик ҳужумкор футболчи Савиони қўлга киритиш йўлида ҳаракат бошлаган.
Қизиғи шундаки, 21 ёшли футболчининг ўзи ҳам пойтахт клубига кўчиб ўтиш фикрига ёмон қарамаяпти. Бу эса “Тоттенхэм” учун музокаралар жараёнида кичик, аммо муҳим устунлик сифатида кўрилиши мумкин.
Бироқ, инсайдер журналист Жек Питт-Брук таъкидлашича, “Манчестер Сити” ҳозирча Савиони сотиш ниятида эмас. Хосеп Гвардиола эса янги мавсумда ўйини сезиларли равишда ўсиб бораётган шогирдини рақиб клубга бериш масаласини ҳатто муҳокама қилишга ҳам тайёр эмас.
Савио ўтган мавсумда турли мусобақаларда жами 48 та баҳсда майдонга тушиб, 3 та гол уриши ва 13 та голли паси билан ўз номини ёрқин кўрсата олди. Бу рақамлар унинг ёшига қараганда анча самарали натижа ҳисобланади.
Футболчининг “Манчестер Сити” билан амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt портали эса унинг бозор қийматини 50 миллион евро атрофида баҳоламоқда. Шу боис, “Тоттенхэм” ушбу трансфер амалга ошиши учун катта молиявий ресурс сарф этишига тўғри келиши мумкин.
Агар “Сити” ўз позициясидан чекинмаса, бу ўтказиш “Тоттенхэм” учун фақат орзу бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо савияли ёш ҳужумчига бўлган қизиқиш Премьер-лигадаги рақобатнинг қанчалик қизғинлигини яна бир бор кўрсатиб турибди.