“Манчестер Сити” Винисиус Жуниор учун катта ҳаракат бошлади
Ёзги трансферлар ойнаси Европа футболида яна кўплаб кутилмаган воқеаларга йўл очмоқда. Бу жараён “Ливерпуль”, “Манчестер Сити”, “Манчестер Юнайтед”, “Арсенал”, “Реал”, “Барселона”, “Бавария” каби доим чемпионлик ва йирик совринлар учун майдонга тушадиган клубларнинг келгуси йиллар стратегиясини амалга ошириш билан узвий боғлиқ. Испаниянинг машҳур манбаларидан бири — fichajes.net эса “Реал”нинг энг тортишувли ва гап-сўзларга сабаб бўлаётган ўйинчиси Винисиус Жуниор ҳақидаги қизиқарли маълумотларни ошкор қилди.
Манба ва Indykaila News маълумотларига кўра, “Манчестер Сити” ҳозирги трансфер даврида бразилиялик ҳужумчини ўз таркибига қўшиб олиш бўйича фаол музокара олиб боряпти. Гарчи Пеп Гвардиола “Реал”даги бошқа бир бразилиялик юлдуз — Родриго Гоэс билан ҳам қизиқиш билдирган бўлса-да, Винисиус унга кўра янада жозибадор вариант ҳисобланмоқда.
“Реал” билан музлатилган шартнома ва номаълум келажак
Айни дамда мадридликлар билан янги шартнома бўйича музокаралар тўхтаб қолган. Бу эса футболчининг келажаги борасидаги ноаниқликни кучайтираётир. 24 ёшли вингер Саудия Арабистонидан таклиф қабул қилиш ниятида эмас, балки кейинги манзили Европанинг энг нуфузли клубларидан бири бўлишини истайди. Винисиуснинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнида якун топади. Агар янгиланмаса, келаси мавсумда арзон нархда, ундан кейин эса эркин агент сифатида клубни тарк этиши мумкин. Бу эса “Реал” учун катта молиявий йўқотишдир.
Премьер-лига клубларининг қизиқиши
Футболчига яқин манбалар таъкидлашича, “Реал”нинг молиявий ва спорт йўналишидаги таклифи Винисиус талабларига мос келмаяпти. Шу боис иқтисодий жиҳатдан бақувват Англия Премьер-лигаси клублари унинг ҳолатини синчиклаб кузатмоқда. Хусусан, Гвардиола ўз таркибини қисқартириб, кетган футболчилар ўрнига Винисиусни олиб келиш орқали фэйр-плей қоидалари доирасида қолишни режалаштирган.
Винисиуснинг ўтган мавсумдаги кўрсаткичи
Ўтган мавсумда Винисиус Жуниор 22 та гол уриб, 19 та ассист қайд этди. Бироқ у Мбаппе билан бирга майдонда бир-бирини тўлиқ тўлдира олмаяпти ва бу ҳужумдаги уйғунликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Экспертлар унинг асосий муаммоси — қарор қабул қилишда беқарорлик ва муҳим вазиятларда нотўғри ҳаракат қилишини таъкидламоқда.
Хаби Алонсо режалари ва эҳтимолий трансфер таъсири
Янги бош мураббий Хаби Алонсо ҳам, агар яхши таклиф келса, унинг кетишига қарши эмас. Бу ҳолат жамоа ҳужуми ва ярим ҳимоясини кучайтириш учун қўшимча маблағ йўналтириш имкониятини яратади. Агар “Реал” Винини сотса, бу рекорд даражадаги маблағни клубга олиб келиши ва қайта қурилиш жараёнини жадаллаштириши мумкин. Шу билан бирга, “Сити” Родриго вазиятини ҳам кузатмоқда, аммо Винисиус Премьер-лигада етакчилик ва Чемпионлар лигасида курашишда муҳим қўшилма бўлиши мумкин.
Ўзбек легионери учун янги имконият
Таъкидлаш жоизки, “Манчестер Сити” йил бошида Абдуқодир Ҳусановни таркибга қўшганидан сўнг таркибда авлодлар алмашинувини бошлади. Агар Гвардиола режалари амалга ошиб, Родриго ёки Винисиус трансфери содир бўлса, Ҳусанов ўтган йили майдонда рақиб бўлган бразилиялик юлдузлар билан энди бир жамоада ўйнаш шарафига эга бўлади.