Баварияда ичимлик сувида хавфли бактериялар аниқланди, аҳолига огоҳлик чоралари берилди
Германиянинг Бавария минтақасида жойлашган Пассау шаҳри ва унинг атроф ҳудудларида ичимлик сувида хавфли бактериялар — энтерококклар аниқланди. Мазкур ҳолат маҳаллий аҳолини жиддий ташвишга солди, чунки ушбу бактериялар инсон саломатлиги учун хавфли касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари тезкор тарзда аҳолига мурожаат қилиб, сувни фақат қайнатиб ичиш тавсиясини берди. Бу энг оддий, аммо самарали эҳтиёт чораларидан бири бўлиб, бактерияларни йўқотиш ва касалликлар тарқалишини олдини олишда катта аҳамиятга эга.
Der Spiegel нашри ёзишича, ҳозирда сув таъминоти тизимида кенг кўламли дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнда сув хлор билан тозаланмоқда. Мутасаддилар маълумотича, санитария ишлари бактерияларни йўқотиш ва сувни қайта хавфсиз ҳолатга келтиришга қаратилган.
Шу билан бирга, маҳаллий аҳолига қўйилган чекловлар қанча вақт амал қилишини ҳозирча аниқ айтиб бўлмаяпти. Муттахассислар энтерококк бактериялари инсон организмида юрак ички пардасининг яллиғланиши (эндокардит), сийдик йўли инфекциялари ва бошқа жиддий касалликларга сабаб бўлиши мумкинлигини эслатмоқда.
Соғлиқни сақлаш ходимлари аҳолини ҳушёр бўлишга, қайнатилмаган ёки фильтрланмаган сувдан фойдаланмасликка, шунингдек, болалар ва кексалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратишга чақирмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, вазият устидан назорат кучайтирилган ва таҳлил натижалари асосида қўшимча маълумотлар берилади.
Бавариядаги мазкур ҳолат яна бир бор ичимлик суви хавфсизлиги масаласи қай даражада муҳим эканини кўрсатиб берди. Энг оддий гигиена қоидаларига амал қилиш ва расмий органлар тавсияларига риоя этиш, шубҳасиз, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишнинг энг самарали йўлларидан бири бўлиб қолади.