"Динамо" ҳакамлар қароридан норози бўлиб расмий шикоят йўллади
Суперлига 20-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” ҳамда “Динамо” жамоалари ўртасидаги қизғин баҳс якунланиши биланоқ Самарқанд клуби ҳакамлик борасида расмий эътироз билдирган эди. Кейинчалик бу шикоят расмий шаклда расмийлаштирилиб, клуб Лига раҳбариятига тегишли хатни юборди.
Маълумотларга кўра, “Динамо” бу жараёнда “Суперлига ва Пролига регламенти”да белгиланган барча талаб ва қоидаларга қатъий амал қилди. Хусусан, баҳс тугаши билан 30 дақиқа ичида қайдномага расмий шикоят ёзилди. Шундан сўнг 24 соатдан кечикмай, айнан қайси эпизодлардан норозилик келиб чиққанини кўрсатиб, тегишли хат юборилди.
Клубнинг расмий шикоятида алоҳида урғу берилган вазиятлар қуйидагича қайд этилган:
-
3-дақиқа: Анваржон Ҳожимирзаевнинг Иванович томонидан жарима майдончаси ичида тўхтатиб қолиниши;
-
9-дақиқа: Санжар Қодирқуловнинг ҳакам томонидан оғзаки огоҳлантирилиши;
-
11-дақиқа: Ҳожимирзаевга қарши ишлатилган қўпол ҳаракат ва бош ҳакамнинг қарорисиз қолиши;
-
31-дақиқа: Франсиско Феррейра ҳамда Суҳроб Иззатов ўртасидаги курашда ҳакамнинг пассив реакцияси;
-
75-дақиқа: “Сўғдиёна” футболчиси Нодиржон Соибовнинг майдондан четлатилмаслиги;
-
90+6-дақиқа: “Динамо” дарвозасига пенальти тайинланиши.
“Динамо”нинг фикрича, мазкур вазиятларнинг кўпчилиги ўйин тақдирига бевосита таъсир кўрсатган. Шу сабабли улар адолатли баҳолаш ва холисона ёндошувни талаб қилмоқда.
Лига мутахассислари ҳам бу эпизодларни атрофлича кўриб чиқиб, айрим ҳолатларда ўзларида ҳам саволлар пайдо бўлганини маълум қилишди. Демак, масалада фақат клуб эмас, балки нейтрал томонлар ҳам шубҳага тушган.
Эндиликда Ўзбекистон футбол ҳакамлар маркази (ЎзФҲМ) расмий тарзда тушунтириш бериши лозим бўлади. Мазкур жавоб омма учун очиқ қилинади ва Лига расмий саҳифасида эълон қилинади.
Мухлислар эса бу вазиятнинг қай йўсинда ҳал бўлишини қизиқиш билан кутмоқда. Улар учун асосий савол — баҳсли эпизодлар бўйича қандай хулоса чиқарилади ва келгусида ҳакамликда адолат ва шаффофлик таъминланадими?