АПЛ. «Челси» сафарда «Вест Ҳэм»ни тор-мор этди (видео)
Англия Премьер-лигасининг иккинчи тури кучли тўқнашувлар билан бошланди. Илк баҳсда Энцо Мареска қўл остидаги “Челси” Лондон дербисида “Вест Ҳэм” меҳмони бўлиб, мухлислар кутмаган даражада йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Учрашувда ҳисобни мезбонлар жамоаси очди. Ўйиннинг 6-дақиқасида Пакета аниқ зарб билан “аристократлар” дарвозасини ишғол қилди ва трибуналарни шодон қилди. Бироқ бу гол “Челси” футболчиларини янада руҳлантириб юборди.
Қисқа фурсат ичида Жоао Педро 15-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, Педру Нету эса 23-дақиқада жамоасига устунлик олиб келди. 34-дақиқада Энцо Фернандеснинг аниқ зарбаси ҳисобни 3:1га етказди.
Иккинчи тайм бошланиши билан “Челси” яна кучайди. Мойсес Кайседо 54-дақиқада жамоанинг тўртинчи голини урган бўлса, орадан беш дақиқа ўтиб Трево Чалоба ҳам дарвозага йўл топди. Шу тариқа, “аристократлар” 5:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Мухлислар учун бу фақат натижа эмас, балки жамоанинг кўрсатган ўйини ҳам катта қониқиш уйғотди. Чунки Энцо Мареска қўл остида “Челси” ҳужумкор футбол кўрсатди ва ҳар бир голда жамоавий уйғунлик ёрқин намоён бўлди.
Эслатиб ўтамиз, “Челси” ўзининг навбатдаги баҳсини 30 август куни “Фулҳэм”га қарши ўтказади. Бу дерби ҳам мухлислар учун алоҳида қизиқарли бўлиши кутилмоқда.
Ўйин протоколи
АПЛ. 2-тур
“Вест Ҳэм” – “Челси” 1:5
Голлар: Пакета (6) — Педро (15), Нету (23), Фернандес (34), Кайседо (54), Чалоба (58).
Вест Ҳэм: Хермансен, Тодибо (Поттс, 46), Килмен, Агерд, Диуф, Соучек (Питерс, 70), Проуз, Биссака, Пакета, Фюллкруг (Уилсон, 46), Боуен.
Челси: Санчес, Кукуреля (Хато, 69), Адарабиёё, Чалоба (Фофана, 69), Гюсто (Жеймс, 69), Фернандес, Кайседо, Нету, Педро, Эстевао (Гиттенс, 77), Делап (Сантос, 62).
Огоҳлантириш: Хато (87).