Гаттузо Италия ўйинчиларига танаффусда шапалоқ берди ва жамоани уйғотди
Италия миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Женнаро Гаттузо Эстонияга қарши ЖЧ–2026 саралаш босқичи 5-турида дебют баҳсини ўтказди. Римликлар ушбу беллашувда 5:0 ҳисобида йирик ғалаба қозонди. Бироқ ғалабанинг ортидаги сабаби ҳақида футболчиларнинг ўзи қизиқарли ҳолатни очиққа чиқарди.
Ҳимоячи Алессандро Бастонининг айтишича, Гаттузо танаффусда ўйинчиларга «бир-иккита қаттиқ шапалоқ берган». Бу ҳаракат жамоага кучли таъсир кўрсатган ва иккинчи бўлимда Италияликлар рақиб дарвозасига 5 та гол йўллашга эришган.
Голлар: Кен (58), Ретеги (69, 89), Распадори (71), Бастони (90+2).
Бу ҳолатни ҳужумчи Жакомо Распадори ҳам тасдиқлади. У Sky Sport Italia нашрига берган интервьюсида шундай деди: «Бастони мажозий маънода айтган, деб ўйлайсизми? Йўқ, у ростдан ҳам бизга тарсаки туширди. Мен ҳам шулардан улуш олдим».
Шу билан бирга, Распадори Гаттузонинг бу қатъиятли ҳаракати футболчиларга янги руҳий куч бағишлаганини таъкидлаб: «Шу кунларда у бизга қатъият ва матонат берди. Биз иқтидорли футболчилармиз, фақат майдонда ўзимизни кўрсатишимиз ва буни исботлашимиз керак», – деди.
Эслатиб ўтамиз, Эстонияга қарши учрашув Гаттузонинг Италия терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги илк баҳси бўлди ва у дебютни йирик ғалаба билан бошлади.