Тошкент ҳавосида ифлосланиш даражаси дунёда тўртинчи ўринга чиқди
Тошкент шаҳрида ҳаво сифати кескин ёмонлашиб, дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида юқори ўринларни эгаллашда давом этмоқда. “Ўзгидромет” маълумотларига кўра, 6 сентябр куни эрталаб пойтахт атмосферасида PM2,5 заррачалари меъёридан қарийб 1,3 баробар юқори қайд этилди. Бу кўрсаткич 44,6 мкг/м³ ни ташкил этгани маълум бўлди, яъни белгиланган стандарт нормадан сезиларли даражада ошиб кетган. Шу билан бирга, атмосферадаги углерод оксиди миқдори ҳам 0,58 мг/м³ ни ташкил қилиб, ҳаво таркибидаги ифлосланишнинг жиддий даражада эканлигини кўрсатди.
Халқаро IQAir тизими томонидан эълон қилинган 10:00 даги рейтингда Тошкент дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлар орасида тўртинчи ўринга чиқди. Пойтахтга 115 индекс берилган бўлиб, бу заиф гуруҳдаги инсонлар учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мутахассислар эса шундай таъкид қилишмоқдаки, Тошкентда одатда иситиш мавсумида кузатиладиган юқори ифлосланиш кўрсаткичлари эндиликда ёзнинг иссиқ кунларида ҳам қайд этилмоқда.
Шу сабабли пойтахт аҳолиси учун ҳаво сифатига доимий эътибор қаратш, ташқи ҳаво шароитлари ва шахсий муҳофаза чораларидан фойдаланиш тавсия қилинмоқда. Мутахассислар, шунингдек, транспорт, саноат ва иситиш тизимларидан чиқувчи зарарли моддаларни назорат қилишнинг аҳамиятини таъкидлайдилар, чунки бу ортиқча ифлосланишнинг олдини олишда муҳим қадам ҳисобланади.