Доротининг “сеҳрли туфлиси” 32,5 млн долларга сотилди
Голливуд классикаси — “Оз сеҳргари” фильмида Жуди Гарленд кийган машҳур қизил туфлилар Ҳеритаге Ауcтионс савдосида 32,5 миллион долларга харид қилинди, деб ёзмоқда Pravilamag.
Аукцион 1,55 миллион доллардан бошланган ва дастлабки тахминлар 3 миллион атрофида бўлган, аммо натижа барчани ҳайратга солди. Бу нарх “Ёқут туфлилар” учун тарихий рекорд бўлди.
Фильмда бир нечта жуфт ишлатилган бўлиб, ҳозирда фақат тўрттасигина сақланиб қолган. Уларнинг бири 2000 йилда 666 минг долларга, бошқаси эса 2012 йилда Стивен Спилберг ва Леонардо Ди Каприо томонидан 2 миллион долларга харид қилиниб, кейин Лос-Анжелесдаги Кино академияси музейига совға қилинган.
Сотилган жуфт “энг юқори сифатли” намуна ҳисобланади. У фильмда Доротининг оёқлари яқиндан кўрсатилган саҳналарда ишлатилган.
Туфлилар аввал коллектор Майкл Шоуга тегишли бўлиб, 2005 йилда музейга қўйилган ва ўша йили ўғирланган. ФҚБ уларни фақат 2018 йилда топиб эгасига қайтарган. Маълум бўлишича, ҳодиса ортида Терри Жон Мартин турган ва у туфлилар ҳақиқий ёқутдан ясалган, деб ўйлаган.
Фильмда эса айнан шу туфлилар Доротининг уйига қайтиш калити бўлган: қаҳрамон уч марта тагини уриб, “Уйдек жой йўқ” деб такрорлаши керак эди.